27 октябрь куни Москвада Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 22-мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Йиғилиш Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников раислигида бўлиб ўтди.

Икки мамлакат иқтисодий шериклигида эришилган салмоқли ютуқлар қайд этилди. Ўзбекистонда 9 ой ичида Россия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 200 тадан ошди.

Айни пайтда Ўзбекистонда нефт-кимё, кон-металлургия, энергетика, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик маҳсулотлари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш каби соҳаларда умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган 150 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.

Таъкидланганидек, вазифаси инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун янги лойиҳаларни шакллантиришдан иборат бўлган Ўзбекистон-Россия қўшма лойиҳа офисида умумий қиймати қарийб 9 миллиард долларлик 180 дан ортиқ лойиҳалардан иборат янги портфел устида иш олиб борилмоқда.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини музлаткичли поездларда жадал етказиб бериш бўйича «Агроэкспресс» лойиҳаси Ўзбекистон-Россия савдосини ривожлантиришнинг «драйвери»га айланиши мумкинлиги қайд этилди. Ўзбекистондан янги мева-сабзавотларни биринчи синов тариқасида етказиб бериш ноябрь ойининг ўрталарида амалга оширилиши режалаштирилган. «Бизнинг умумий вазифамиз — 2030 йилгача темир йўл орқали мамлакатларимизга 1 миллион тонна маҳсулот етказиб бериш», — деди Максим Решетников.

Ўтган икки ой давомида Ўзбекистоннинг 7 вилояти раҳбарларидан иборат делегациялар Россиянинг 20 та вилоятида бўлиб, ҳамкорлик истиқболлари юзасидан мазмунли музокаралар ўтказди. Ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида яқин келажакда Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари раҳбарларининг саноат кооперациясининг янги лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва савдо шартномаларини тузиш учун қўшимча равишда ўзаро сафарларини ташкил этишга келишиб олинди.

Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик, хусусан, таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айни пайтда Ўзбекистонда Россия олий ўқув юртларининг 15 та филиали фаолият юритмоқда. 1 октябрь куни Тошкентда Бутунроссия давлат кинематография институти филиали очилди филиали очилди. Яқин истиқболда яна иккита олий ўқув юрти — Косигин номидаги дизайн ва технология университети ҳамда Москва давлат геодезия ва картография университети филиаллари очилиши кутилмоқда.

Учрашувда энергетика, фармацевтика ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари белгилаб олинди. Россия компаниялари Ўзбекистонда тоғ-металлургия саноати корхоналарини модернизация қилиш, машинасозлик ва станоксозлик соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ишлаб чиқариш қувватлари негизида Россия технологияларидан фойдаланган ҳолда автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни изчил кўпайтириш кўзда тутилган. Ўзбекистонда энергия ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва муқобил энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Россия сармояларини жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.