Ноябрь ойида ип калава экспортига вақтинчалик қўшимча тўлов амалиёти жорий этилиши мумкин, дея хабар қилмоқда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, сентабрь ойидан жаҳон бозорларида пахта ва калава ип нархларининг кескин ўсиши ва Ўзбекистон ип-калавасига талабнинг ортиши натижасида ички бозорда ип-калава учун «асоссиз ажиотаж» (товар баҳосини сунъий, спекулятив равишда ошириш ёки пасайтириш — таҳр.) кузатилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, уюшма томонидан ички бозорда ипга бўлган талаб ва таклиф ҳажмларини барқарорлаштириш мақсадида қуйидаги чораларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда:

  • ҳафтасига бир марта пахта толаси ва ип-калава ишлаб чиқариш ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш;
  • пахта толаси нархларининг спекулятив ўсишини чеклаш механизмини жорий этиш;
  • пахта толаси, синтетик ва сунъий толалар, шунингдек ип-калава импорти ҳажмини кенгайтириш;
  • ип-калава истеъмолчиларини айланма маблағ билан таъминлаш амалиётини кенгайтириш, пахтадан тайёр маҳсулотгача бўлган қўшилган қиймат занжири бўйича ҚҚСни қайтариш механизмларини мукамаллаштириш ва тўлашни кечиктириш ҳамда ички бозорга сотиладиган калава ип ҳажмларидан даромадни фойда солиғидан озод қилиш бўйича таклифлар киритиш.

Қайд этилишича, ички бозорда ип-калава ҳажми барқарорлашмаган холда, 2021 йил ноябрь ойида ип калава экспортига вақтинчалик қўшимча тўлов амалиёти жорий этилади (корхоналар ва ассортиментлар кесимида).

Bakiroo телеграм канали муаллифи, иқтисодчи Отабек Бакиров масаланинг потенциал оқибатларига эътибор қаратиб, бу «ёмон оқибатлар»га олиб келишини таъкидламоқда.

Унинг ёзишича, йил бошида ҳукумат қарори билан пахта ип-калаваси экспортига умумий ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг ўртача 50 фоизи миқдорида квота ўрнатилган ва квотадан ортиқ экспорт қилинадиган пахта ип-калавасининг (бўялган калава бундан мустасно) ҳар бир килограмми учун 0,32 доллар миқдорида қўшимча йиғим ундириш белгиланган эди.

«1 августдан бу талаблар катта эҳтимол ўз кучини йўқотди (агар узайтирилмаган бўлса). Лекин пахта ип калавасининг ҳар бир килограмми учун 0,01 АҚШ доллари миқдоридаги мавжуд экспорт божига қўшимча тўлов ҳалиям ўз кучида», — деб ёзмоқда Отабек Бакиров.

Шунингдек, Отабек Бакиров бу борада Mirkonomika телеграм канали муаллифи Миркомил Холбоевнинг мулоҳазаларини қўллаб-қувватлаган. Жумладан, Холбоевнинг ёзишича, ип калава экспортига чеклов ҳамда ички бозорда ип калава сотишга солиқ имтиёзлари бериш «тайёр кийим ишлаб чиқарувчиларни субсидиялашдан бошқа нарса эмас».

Унинг таъкидлашича, ип калава экспортига қандайдир чеклов қўйилса, ички бозорда нарх пасаяди ва ип калава ишлаб чиқарувчиларнинг потенциал фойдаси пасайишига олиб келади. Ички бозордаги нархнинг пасайишидан кийим ишлаб чиқарувчилар манфаатдор. Бунда «давлат ип калава ишлаб чиқарувчиларнинг чўнтагидаги потенциал фойдасини олиб кийим ишлаб чиқарувчиларнинг чўнтагига солиб қўйиши» билан баробар.

«Ички бозорга ип калава сотишда солиқ имтиёзлари бериш ҳам ҳудди юқоридаги каби кийим ишлаб чиқарувчиларни субсидиялаш ҳисобланади. Солиқ имтиёзлари беришнинг юқоридаги ҳолатдан ягона фарқи шундаки, энди субсидияни давлат ип калава ишлаб чиқарувчилар чўнтагидан эмас балки солиқ тўловчилар чўнтагидан тўламоқда, холос. Ҳар икки ҳолатда ҳам бу каби қарорлардан ягона манфаатдор тайёр кийим ишлаб чиқарувчилар, ютқазаётганлар эса ип калавани экспорт қилувчилар ҳамда оддий халқ», — дея фикрини хулосалаган Миркомил Холбоев.