Ўзбекистон ноябрь ойи ўрталарига қадар Россия билан коронавирусга қарши эмлаш сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги ҳужжатни тайёрлайди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев «Газета.uz» мухбирига маълум қилди.

«Кейинчалик, сертификатларни ўзаро тан олиш масаласини кўриб чиқиш учун [ҳужжатни] Россия томонига юбориш таклиф қилинмоқда», — деди Баҳодир Юсупалиев икки давлат ўртасида эмлаш сертификатларини ўзаро тан олиш муддатлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

СЭС раҳбарининг аниқлик киритишича, ҳужжат стандарт бўлиб, у ҳам Россия Федерацияси ва МДҲнинг бошқа давлатлари, ҳам узоқ хориж мамлакатларининг эмлаш сертификатларини тан олиш учун тайёрланган.

«Ундан кейини эса ушбу давлатлар, хусусан, Россия Федерацияси сертификатларни тан олиш таклифига қандай муносабатда бўлишига боғлиқ», — дея қўшимча қилди Баҳодир Юсупалиев.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Россияга кириш учун фойдаланилаётган «COVID-19сиз саёҳат» иловасида фойдаланувчи эмланган мамлакатни танлаш имконияти пайдо бўлди. Рўйхатда Ўзбекистон, Арманистон, Қирғизистон ва Россия мавжуд.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги олти ой ичидаги нутқларида, хусусан, Марказий ва Жанубий Осиё бўйича форум, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви, ШҲТ ва МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитларида эмлаш сертификатларини барча халқаро майдонларда ўзаро тан олиш бўйича таклифни илгари сурган эди.