Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 июль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда нутқ сўзлади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Унда Афғонистон президенти, Покистон бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари, 44 мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон раҳбари сўзи аввалида тарихий вазият тақозоси билан 19 асрда икки қўшни минтақанинг алоқалари узилиб қолганини таъкидлади. Ўзаро зиддиятлар кучайиб, кескин можароларга айланиши туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида тўсиқлар пайдо бўлиб, чегаралар ёпилди айтилди.

«Ҳамкорлик ва бир-бирини англаш даври тугаб, унинг ўрнини қарама-қаршилик ҳамда ишончсизлик муҳити эгаллади. Бунинг салбий оқибатларини биз ҳозирги вақтда самарали трансчегаравий йўллар мавжуд эмаслиги, савдо-иқтисодий алоқалар яхши ривожланмагани ҳамда маданий-гуманитар муносабатлар салоҳияти тўлиқ ишга солинмагани мисолида ҳам сезиб, ҳис этиб турибмиз», — деди у.

Халқаро анжуманда бугунги кунга келиб, дунё турли таҳдидлар, шу билан бирга, янги имкониятларни ўзида мужассам этган глобал геосиёсий ўзгаришлар даврига қадам қўйгани қайд этилди.


«Шундай мураккаб шароитда қарийб 2 млрд аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат ва табиий жараёнга айланмоқда. — дея сўзида давом этди президент. — Ўйлайманки, халқларимизнинг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий мероси ҳамда иқтисодиётларимизнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд интеллектуал салоҳиятни, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни ўзаро мувофиқлаштириш вақти келди. Бу эса, ҳеч шубҳасиз, ўзининг қудратли таъсир кучини намоён этади».

Унинг сўзларига кўра, ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик, мулоқот ва энг асосийси, ишонч изчил ва барқарор ривожланиш, минтақалар аҳолисининг турмуш даражаси ҳамда фаровонлигини оширишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланади.

«Бундай ёндашув — давр талабидир, Буларнинг барчаси бир томондан, зиддият ва ижтимоий-иқтисодий ларзалардан холи бўлган минтақалараро ҳамкорлик ва шериклик майдонини, иккинчи томондан, маҳсулотлар, хизматлар, инвестиция ва инновацияларнинг кенг бозори шаклланиши учун зарур шароитларни яратади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги фаол ва очиқ мулоқот улкан савдо-иқтисодий ва маданий- цивилизацион салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқаришни ўз ичига олган 10 та таклифни илгари сурди.

1. «Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш — устувор вазифа ҳисобланади».

«Маҳсулот ва хизматлар ҳамда инвестицияларнинг эркин ҳаракати учун транспорт-коммуникация ва энергетика инфратузилмаларини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш ушбу масалалар ечимига амалий ҳисса қўшган бўлур эди. Бунинг учун ота-боболаримиз мажлис ва қурултойлар, лойя жирға, васи мушаварат ва сабха каби йиғинларда тўпланганларидек, биз ҳам мамлакатларимиз ўртасида долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун инвестициявий ҳамкорлик ва кооперацияни чуқурлаштириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича йиллик минтақалараро форум ўтказишни таклиф этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, бундай мулоқотлар доирасида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар янги иш ўринларини яратиш, иқтисодиётларимиз салоҳиятини ривожлантириш ва уларнинг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган аниқ дастур ва лойиҳаларни уйғунлаштириш имкониятини беради.

Шунингдек, минтақалар давлатлари ўртасида кўптомонлама Иқтисодий ҳамкорлик битимини тузиш масаласини қўшма экспертлик таҳлилидан ўтказишга доир ташаббус ҳам илгари сурилди.

2. «Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш».

Анжуманда Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўл тармоғи минтақалар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланиши кераклиги айтилди. Ушбу лойиҳа етакчи халқаро молия институтлари томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланмоқда.

«Бу темир йўл тармоғининг қурилиши ҳар икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, Жанубий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида Марказий Осиё ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудуди орқали ўтадиган энг қисқа йўлни очиш, шу билан бирга, юкларнинг туриб қолиши ва ташиш муддатларини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Шу билан бирга, у ушбу трансчегаравий темир йўлни фойдаланишга топшириш Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг инклюзив иқтисодий ривожи учун мустаҳкам замин яратишини қайд этди.

«Мазкур темир йўл тармоғи Ҳинд-Ганг текислигини Таксила, Гандара, Термиз сингари тарихий шаҳарлар орқали Евроосиёнинг жанубий ҳудуди билан боғлаган, Уттарапатха номи билан маълум қадимги шимолий савдо йўлининг ўзига хос замонавий шакли бўлади. Ҳиндистонни Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган „Шимол — Жануб“ транспорт коридори мана шундай трансминтақавий инфратузилмани ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишнинг ёрқин намунасидир», — деди у.

Бундан ташқари, Трансафғон темир йўл қурилиши лойиҳаси келгусида мамлакатларни Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақасининг бошқа етакчи давлатлари билан боғлаши мумкин. Бу эса «Бир макон, бир йўл» ташаббуси мақсадлари билан ҳам уйғундир.


3. «Истиқболли рақамли платформаларни жорий этиш Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини иқтисодий ривожлантиришнинг локомотивига айланиши даркор».

«Савдо, транзит, чегаралардан ўтиш борасида рақамли ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва Қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш зарур. Бу жараёнга мамлакатларимиз ва БМТнинг ихтисослашган тузилмалари етакчи экспертларини кенг жалб этиш муҳимдир», — дея таъкидлади Мирзиёев.

4. «Бепоён минтақалар ҳудудида ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлларини излаш».

Давлат раҳбари сўзи давомида сўнгги вақтларда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи жадал ўсиб бораётгани, дунёнинг баъзи минтақаларида аҳоли кескин озиқ-овқат тақчиллигини бошидан кечираётганини айтиб ўтди.

«Бундай таҳдидларни бартараф этиш бўйича Дастур ишлаб чиқиш учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) шафелигида мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказишни таклиф этамиз. Мазкур ҳужжат ишлаб чиқариш кооперацияларига оид лойиҳаларни амалга ошириш, илғор технологияларни татбиқ этиш, қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва тегишли тадқиқотлар ўтказиш каби вазифаларни назарда тутиши зарур», — деди у.

5. «Хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш».

Шавкат Мирзиёев: «Биз терроризм, экстремизм, трансмиллий, хусусан, кибермакондаги жиноятчиликка қарши фақат биргаликда самарали кураш олиб боришимиз мумкин».

У бу борада дастлабки қадам сифатида БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси иштирокида Гиёҳвандликка қарши қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф этди.

«Кучларни бирлаштириш зарур бўлган асосий йўналишлардан яна бири — терроризм хавфига қарши кураш, деб ҳисоблаймиз. Биз ушбу масалалар бўйича икки минтақа вакиллари иштирокида махсус экспертлик учрашувини ташкил этишга тайёрмиз. Бу мулоқотни жорий йил ноябрь ойида БМТнинг Марказий Осиёда глобал терроризмга қарши стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганининг ўн йиллигига бағишлаб Тошкентда ўтказиладиган халқаро конференция доирасида уюштириш ҳам мумкин», — деди президент.

6. «„Яшил“ иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалалари алоҳида эътиборни талаб этади».

Марказий ва Жанубий Осиёнинг барча мамлакатларида жадал саноат ва демографик ўсиш жараёни глобал иқлим ўзгаришлари шароитида юз бермоқда. Бундай вазиятда сув ресурслари тақчиллиги, атроф-муҳит ва атмосферанинг ифлосланиши, тупроқ қатламининг емирилиши ва чўлланиш барчамизга дахлдор муаммолар ҳисобланади, дея таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.

«Тобора умумбашарий тус олиб бораётган Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият экологик таҳдидларнинг ўта салбий таъсирига яққол мисол бўла олади. Бу фожеанинг оқибатларини юмшатиш, келгусида инсониятни бундай офатлардан огоҳ этиш учун барча чораларни кўришимиз керак. Бу борада табиат билан уйғун бўлишга интилиб яшаган аждодларимизнинг тажрибасига таянишимиз зарур», — деди у.


7. «Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш тарафдоримиз».

Бу ҳақда сўз юритганда, машҳур сайёҳлик брендларини, янги ва қулай сайёҳлик маҳсулотлари ва йўналишларини, жумладан, қизиқиш тобора ортиб бораётган «зиёрат туризми»ни ривожлантириш, вакцинация бўйича ўзаро тан олинган сертификатлар асосида «Янги шароитдаги туризм» концепциясини кенг жорий этиш зарурлиги айтилди.

«Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти доирасида Марказий ва Жанубий Осиё бўйича халқларимизнинг тарихий ва маданий меросини оммалаштиришга қаратилган Дастур ишлаб чиқишни таклиф қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

8. «Илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир».

Ўзбекистонда Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида «Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси» мавзусида халқаро форум ўтказишни таклиф этамиз.

«Мамлакатларимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этадиган ёшларни жалб этган ҳолда, таълим ва илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш устувор аҳамият касб этмоқда. Ёшлар — бизнинг бебаҳо бойлигимиз эканини барчамиз яхши англаймиз. Мамлакатларимиз ва халқларимизнинг тақдири ва келажаги — айнан ёш авлоднинг қандай таълим ва тарбия олиши, улар учун қандай шарт-шароит ва «социал лифт"ларни яратиб беришимизга бевосита боғлиқ», — деди у.

Ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш таклифи билдирилди.

9. «Бугунги кунда илм-фан, технология ва инновациялар соҳасида юксак марраларга эришиш мамлакатларнинг жадал ривожи йўлидаги муҳим омил ҳисобланади».

«Биргаликда қўшма тадқиқотлар ва инновацион ишларни олиб бориш, илмий ва ўқув стажировкаларини, тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш зарур.
Шу муносабат билан Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш, шунингдек, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратишни таклиф этамиз», — деди Ўзбекистон президент.


10. «Минтақаларнинг ўзаро боғлиқлиги ва тараққиёти суръатини тизимли ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида чуқур ўйланган қарорлар қабул қилиш ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир».

«Мазкур Форум арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилди. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ушбу таҳлил маркази қошида мамлакатларимизнинг таниқли олимлари, тадқиқотчи ва таҳлилчиларидан иборат Экспертлар кенгашини тузишни таклиф қиламиз», — дея қайд этди у.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев бугунги конференция якунлари бўйича Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида, умуман, Евроосиё маконида доимий ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили сифатида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида махсус резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиб, БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиш таклифини илгари сурди.

«Ушбу ҳужжатда мулоқотларимизнинг умумий ёндашувлари, асосий тамойил ва йўналишларини акс эттириш лозим. Резолюция лойиҳасида бизнинг Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари минтақавий боғлиқлиги бўйича юқори даражадаги доимий форумларни мунтазам ўтказиб боришга тайёрлигимизни акс эттириш ҳам мақсадга мувофиқдир», — деди давлат раҳбари.

У сўзи якунида бу каби халқаро конференция янги Ўзбекистон шаклланиши даврида бўлиб ўтаётганига урғу берди.


«Бизнинг бугунги анжуманимиз янги Ўзбекистоннинг шаклланиши ва ривожланиши билан боғлиқ муҳим тарихий даврда бўлиб ўтмоқда. Биз жамиятимизнинг барча соҳаларида тизимли ва туб демократик ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширмоқдамиз. Бу ўзгаришлар кенг кўламли ва ортга қайтмайдиган муқаррар тус олди. Бу — халқимизнинг принципиал танловидир. Марказий Осиё минтақасида — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғидир», — деди у.

Умумий саъй-ҳаракатлар натижасида минтақамизда ўзаро ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳига асосланган мутлақо янги муҳит шаклланишига ишонч билдирилди.

«Биз ривожланиш драйверлари ҳамда «янги ўсиш нуқталари»ни биргаликда аниқлаш ва мунтазам мулоқотлар учун самарали майдон яратдик. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини август ойи бошида Туркманистонда ўтказишни режалаштирганмиз. Шуни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистон конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо тайёр бўлган ишончли ва барқарор, қатъий позицияга эга шерикдир», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.