24 октябрь куни Ўзбекистонда президент сайловлари бўлиб ўтди. Сайлов участкалари ёпилган вақт, соат 20:00 га қадар Ўзбекистон ҳудудида 80,8% дан ортиқ сайловчилар овоз беришди. «Газета.uz» овоз беришда иштирок этган сайловчилар ва сайловда қатнашмаган фуқаролардан сайлов бўйича фикрларини сўради.

Учтепа тумани 116-мактабдаги 206-сайлов участкасида овоз берган фуқаро Нафиса Раҳимова ўзи овоз берган номзоднинг дастури билан танишиб чиққанини таъкидлади. Сайловчи Равшанжон Дадаматов эса овоз берган номзоди сайловда 100 фоиз ғалаба қозонишига ишонишини айтди. У сайлов жараёнлари «келажак учун муҳимлигини» билдирди.

Яна бир сайловчи, отахон Ботир Ҳакимов «келажакда тинчлик, арзончилик, мўл-кўлчилик» бўлишини исташини айтди.

Иллюстрацион сурат. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Бошқа бир сайловчи Камола Абдураззоқова овоз берган номзодининг сайловолди дастурини телевидение орқали эшитганини билдирди.

«Ишончим комил бўлгани учун шу инсонга овоз бердим. Сайловолди дастурларда эшитганларимдан кейин ўзим ишонган инсонга овоз бердим. Худо хоҳласа, Ўзбекистон бунданда гуллаб яшнайди. Энг муҳими тинчлигимиз. Сайловда овоз бериш ҳар бир инсоннинг бурчи, деб ҳисоблайман», — дея қўшимча қилади у.

Тошкент давлат Иқтисодиёт университети профессори Турғун Зияев президентликка номзодларнинг ҳаммасининг сайловолди дастурлари билан танишиб чиққанини айтди.

«Ҳаммаларининг дастурлари ҳозирги янги Ўзбекистоннинг талабларига 100 фоиз жавоб беради. Ҳар бир номзодга омад тилайман», — дейди у. У сайловда овоз берган «ҳар бир инсон ўзининг конституцион бурчини бажаришини» айтди.

Турғун Зияев.

Пойтахтнинг 110-мактабдаги 105-сайлов участкасига овоз бериш учун келган фуқаролардан бири «сайловларда Ўзбекистон келажаги учун овоз беришини» айтди. «Президент халқ учун, биз учун, Ўзбекистон учун фидокорона хизматларни амалга оширади. Келажагимиз ўзимизни қўлимизда», — дея қўшимча қилади у.

Шароф Рашидов маҳалласи фаоли Севара Асанова Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро «эркин, мустақил сайлаш ҳуқуққига эга эканлигини» қайд этди.

«Юртимиз тинчлиги, ободончилиги, осойишталигини бошқарадиган — бу юртбоши бўлади. Шунинг учун сайловда қатнашиш ҳар бир инсоннинг вазифаси, деб ўйлайман. Мажбурият эмас, инсонийлик вазифаси, деб биламан. Халқни ўйлайдиган инсонни сайлаш керак», — дейди у.

Сайловчи 4,5 йил давомида Шароф Рашидов маҳалласи раиси бўлганини айтиб ўтди. «Бизнинг маҳалламиз зиёлилар маҳалласи. Улар ҳар бир қонун-қоидага яхши қараб, қўллаб-қувватлайдиган маҳалла. Бизда қариялар кўп. Бу кунни интизорлик билан кутиб юрган маҳалладошларимиз бор. Улар ҳам келишмоқда. Бу сайлов ўз фикрини билдириш, деб ўйлайман», — дея қўшимча қилади у.

Сайловчи Нигина Нажмиддинова «бир инсоннинг овози кўп нарсани ҳал қилишини» айтди. «Шунинг учун ҳам бу жараён муҳим», — дейди у.

Бир неча йиллар давомида ЎзЛиДеПнинг ҳудудий кенгаши раҳбари бўлган Неъмат Қосимов ҳам ўз турмуш ўртоғи билан сайловда қатнашиш учун келган. Унинг фикрича, ҳозирги сайлов «буткул бошқача».

«Ҳозирда инсонда ишонч туғилди. Аввалги даврда кўп айтиларди, афсуски бирига ишонса, бирига ишонилмасди. Ҳозирги қилинаётган ишларга халқимиз ишонч билан қараяпти», — дейди у.

Неъмат Қосимов турмуш ўртоғи билан. Фото: Абдулла Ёдгоров / «Газета.uz»

70-сайлов участкасида овоз берган 23 ёшли Мираслава «ўз ҳуқуқидан фойдаланишини ва овоз бериш имконияти пайдо бўлганидан бери сайловларни ўтказиб юбормаслигини» айтди.

«Биринчи маротаба мен 2016 йилда, 18 ёшга тўлганимда президентлик сайловларида овоз берганман. Ўшанда менга овоз бериш жараёнини тўлиқ тушунтириб, эсдалик совғалар топширишган эди. „Мен овоз бердим, сенчи?“ деган стикер ҳам беришди ва мен уни фахр билан ёпиштириб олдим (ўшанда улар иккита тилда эди, бу йил буни пайқаганим йўқ)», — дейди у.

Иллюстрацион сурат. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Таъкидланишича, бу йил унинг уйига сайловдан икки ҳафта олдин таклифномаларни олиб келишган.

«Таклифномада белгиланган сайлов участкасига борсам, менга бошқа жойда овоз беришим кераклигини, лекин қулай бўлса шу ерда ҳам овоз беришим мумкинлигини айтишди. Мен рози бўлдим. Аниқ бир қарорга келиш учун номзодларнинг дастури билан яна танишмоқчи бўлдим, лекин яқин атрофда дастурлар йўқ эди. Яхшиям технологиялар асридамиз, ҳамма маълумот интернетда бор, мен қарор қабул қилдим ва бюллетенни қутига ташладим», — дея қўшимча қилади Мираслава.

Нафақахўр Игорь Стрельник сайловга келиши сабабини айтиб берди.

«Сайловга келишимдан сабаб — Ўзбекистоннинг келажагига бефарқ эмасман. Амалдаги раҳбарият умуман олганда ёмон эмас. Лекин, битта номзод, масалан, ўз дастурида коррупцияга қарши қатъий кураш ҳақида гапирган», — дейди у.

Игорь Стрельник. Фото: Сабина Бакаева / «Газета.uz»

«Мен у учун иккита „галочка“ қўйдим, иккита плюс қўйдим ва учта ундов белгиси қўйдим, чунки менга унинг таржимайи ҳоли ва сайловолди дастури ёқди», — дея қўшимча қилади у.

Игорь Стрельникнинг фикрига кўра, «Ўзбекистонда тепадан пастгача коррупция мавжуд».

«Одамлар билан гаплашганда улар: „Менталитетимиз шундай. [Коррупция] олдин ҳам бўлгган, бундан кейин ҳам доим бўлади“, дейишади. Мен овоз бериш учун келдим ва шу орқали менинг халқ сифатидаги кичик овозим эшитилсин», — дейди.

Унинг қўшимча қилишича, «агар ҳамма нимадир деса, ўзгариш бўлиши мумкин». «Умуман олганда эса, бизда ҳамма нарса мамлакатни ким бошқаришига боғлиқ. Бундай бўлиши керакмас-ку. Битта одам ҳамма нарсани қамраб ололмайди. Шунинг учун ҳам, давлатнинг ижтимоий ҳаётида кўплаб одамлар иштирок этиши лозим», — дейди Игорь Стрельник.

«Газета.uz» сайловда овоз бермаган фуқаролардан ҳам нега ушбу жараёнда иштирок этишмагани ҳақида сўради.

Фуқаро Виола Жафарованинг сўзларига кўра, унинг амалдаги яшаш жойи бириктирилган сайлов участкасига тўғри келмайди.

«Бола билан узоққа боргим келмади. Мен номзодлар дастури билан юзаки танишиб чиқдим. Ҳал қилувчи омил уларнинг жинси бўлди», — дейди у.

Яна бир фуқаро Сергей Халин «уйда эмаслиги ва унга таклифнома юборишмагани сабабли сайловга бормаган».

«Дастурлар билан танишмадим, чунки мен уларнинг рус тилидаги версиясини топмадим, ўзим эса қидирганим йўқ», — дея қўшимча қилади у.