15−17 октябрь кунлари Афғонистон учун БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича бошқармасининг гуманитар ёрдами ортилган учта самолёт Термиз халқаро аэропортига қўнди. Бу ҳақда бошқарманинг Twitter`даги саҳифасида хабар берилди.

Уч кун давомида БМТнинг Дубайдаги Логистика марказидан олиб келинган фавқулодда ёрдамнинг умумий оғирлиги 100 тоннани ташкил этди.


Логистика марказида гуманитар ёрдам юк машиналарига ортилади, у ердан эса Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрига «Термиз — Ҳайратон» чегара пункти орқали етказилади.

«Ўзбекистон ҳукуматига Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз ушбу ёрдамни етказиб беришнинг янги йўналиши Афғонистондаги гуманитар инқирозни бартараф этишга ва миллионлаб зиён кўрган одамларга ёрдам беради деб ҳисоблаймиз», — дейилади хабарда.

Юклар манзилга юборилгунга қадар Termez Cargo Centre логистика марказида сақланади.


Октябрь ойи бошидан бери Термиздаги логистика маркази Афғонистонга БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг 40 вагон маҳсулотларини юборди.

Аввалроқ, «Газета.uz» Термиздаги логистика маркази Афғонистон учун мўлжалланган гуманитар ёрдамнинг 32 тонналик биринчи партиясини қабул қилгани ҳақида ёзган эдик.