Афғонистон учун БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича бошқармасининг гуманитар ёрдами ортилган биринчи самолёт 15 октябрь куни Термизга етиб келди. Бу ҳақда бошқарманинг Twitter`даги саҳифасида хабар берилди. Борт БМТнинг Дубайдаги Логистика марказидан етиб келди.

Олдинроқ БМТ агентлиги яқин кунларда Афғонистон учун гуманитар ёрдам ортилган учта самолёт Термизга юборилиши ҳақида маълумот берилган эди. Кейинроқ Termez Cargo Centre логистика маркази биринчи борт 15 октябрь куни, кейингилари эса 16−17 октябрь кунлари етиб келишини билдирган эди.


«Биз Ўзбекистон ҳукуматига ва бошқарма ҳамда БМТ Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги доирасида Ўзбекистон орқали Афғонистонга гуманитар ёрдамни етказиб беришни амалга оширишда кўмаклашган барча маҳаллий ҳамда халқаро ҳамкорларга миннатдорчилик билдирамиз», — дейилади хабарда.

«Биринчи юкнинг умумий ҳажми — 32 тоннага тенг, бу биринчи эҳтиёж маҳсулотлари», — деди ушбу юкни Термизда қабул қилиб олган логистика маркази ходими «Газета.uz» мухбирига.

Логистика марказида гуманитар ёрдам юк машиналарига ортилади, у ердан эса Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрига «Термиз — Ҳайратон» чегара пункти орқали етказилади.

Октябрь ойи бошидан бери Термиздаги логистика маркази Афғонистонга БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг 40 вагон маҳсулотларини юборди.