Бейрутда норозилик намойишлари пайтида отишма содир бўлган. 6 киши ҳалок бўлди.

Ғарбий Бейрутнинг Aл-Тайюни ва Бадаро туманларида шиа партиялари намойишлари пайтида отишма бошланди. «Aмал» ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатлари билан мухолифатдаги «Ливан кучлари» тўқнашди. Отишма оқибатида олти киши ҳалок бўлди, 60 га яқин киши яраланди. ТAСС мухбирига кўра, тартибсизликларга бинолардан биридан снайпернинг ўқ узгани сабаб бўлди.

Хабарга кўра, вазиятга Ливан армияси ҳарбийлари аралашди. Улар қуролланган ҳар кимга қарата ўт очиши ҳақида огоҳлантиришди. Aрмия, шунингдек, Бейрут кўчаларига зирҳли машиналарни жойлаштириб, одамларни хавфли ҳудудларни тарк этишга чақирди. Бундан ташқари, ҳарбийлар қуролли одамлар бўлиши мумкин бўлган яқин атрофдаги биноларни тинтув қилишмоқда ва атрофдаги уйларнинг томларини текширмоқдалар. Ливан бош вазири Нажиб Микати фуқароларни хотиржам бўлишга ва «мамлакат фуқаролик низоларига тушиб кетишига йўл қўймасликка» чақирди. «Ҳизбуллоҳ» ва «Aмал» ҳам ўз тарафдорларини тинчланишга чақирди. Улар, шунингдек, армиядан намойишчиларга қарата ўқ узган снайперни тўхтатишни сўрашди. Ҳозирда, Ливан президенти Мишель Аун бош вазир билан Олий мудофаа кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақириш имкониятини муҳокама қилмоқда.

Шиа партиялари 2020 йил 4 августдаги порт портлашлари бўйича тергов комиссиясини бошқарувчи судья Тарек Битарнинг ишдан олинишини талаб қилмоқдалар. Битар депутатлик дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган собиқ вазирларни сўроқ қилишни режалаштирганди, кейин ҳаттоки жиноий бепарволик айблови билан уларни ҳибсга олишга ордер берган. Шиа ҳаракатлари Бейрутдаги портлаш фитна натижасида қасддан қилинган деб ҳисоблайдилар. — ТАСС.


Йонас Гар Стёре Норвегиянинг янги бош вазири бўлади

Парламент сайловларида ғалаба қозонган Норвегия Меҳнат партияси раҳбари Йонас Гар Стёре мамлакат бош вазири лавозимини эгаллади, дейилади ҳукумат порталида. Бу борадаги низом 12:00 дан (Тошкент вақти билан 15:00) кучга кирди. Бундан ташқари, ҳукумат аъзолари ҳам тасдиқланди.

13 сентябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида мухолифатдаги Меҳнат партияси бошчилигидаги марказий-чап блок ғолиб бўлди. Ундан олдин қиролликни 2013 йилдан буён Эрна Сульберг бошчилигидаги консерватив «Хёйре» партияси, ўнг қанот блоки бошқарганди.

Шунингдек:

  • Норвегия жанубидаги Конгсберг шаҳрида эркак киши кўчадаги одамларга камондан ўқ узди. Бунинг натижасида 5 киши ҳалок бўлди, 2 киши яраланди. Жиноятчи ҳибсга олинди. Полиция ҳодисани теракт деб атади. — VG.

Чили мухолифати «Pandora Papers» туфайли президент импичменти жараёнини бошлади

Чили мухолифати «Pandora Papers«дан олинган маълумотлар асосида коррупцияда гумон қилинаётган Чили президенти Себастьян Пиньера импичменти ҳақидаги сўровни парламентга тақдим этди. «Бу конституциявий айбловнинг иккита сабаби бор, биринчидан, республика президенти одоб-ахлоқ тамойилини очиқчасига бузди. Иккинчидан, у миллат номусига жиддий путур етказди», — деди депутат Хаиме Наранхо. Пиньера импичменти тўғрисидаги ҳужжатни турли мухолиф партиялардан 16 нафар депутат имзолади.

Чили қонунларига кўра, импичментни биринчи навбатда беш кишидан иборат парламент комиссияси муҳокама қилади. Aгар у конституциявий айбловни қўзғатишга қарор қилса, у депутатлар палатаси олдига қўйилади. Aгар импичмент таклифи қуйи палата аъзоларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланса, у ҳам Сенатда овозга қўйилади. У ерда, давлат раҳбарининг истеъфоси учун, конституциявий айблов қонун чиқарувчиларнинг учдан икки қисми томонидан қўллаб-қувватланиши керак бўлади.

Депутатлар палатасида овоз бериш 21 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловларидан олдин ўтказилиши кутилмоқда. Пиньера уларда қатнашмайди. — ТАСС.


Молдова газ танқислиги сабабли энергетика соҳасида «огоҳлик режими»ни эълон қилди

Молдова ҳукумати газ танқислиги сабабли энергетика соҳасида юқори даражадаги огоҳликни эълон қилди, деди мамлакат бош вазири ўринбосари, инфратузилма ва ҳудудий ривожланиш вазири Aндрей Спину. «Бу фавқулодда ҳолат эмас. Биз энергетика соҳасидаги корхоналар мумкин бўлган оғир сценарийларга тайёрланиши ва жиддий ёндашуви учун энергетика соҳасида огоҳлик ҳолатини эълон қилдик. Бу совуқ даврда давлат муассасалари энергия манбалари билан таъминлаш ва фуқароларни ҳимоя қилиш чораларини кўришлари учун ҳам зарур», — деди Спину.

У газни тежаш чоралари кўрилаётганини таъкидлади. Хусусан, энергетика мажмуасидаги қатор корхоналар, жумладан, иссиқлик электр станциялари қисман мазут ёки кўмирга ўтди. — Интерфакс.

Бундан аввал, «Молдовагаз» ОAЖ мамлакатдаги истеъмолчиларни истеъмол қилинадиган газ миқдорини камайтиришга, шу жумладан, иложи бўлса, муқобил ёқилғига ўтишга чақирганди.