Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариағаш туманида Ўзбекистонга туташ бўлган «Бауиржан Конисбаев» (Ўзбекистон томонидан «Яллама» постига ўтувчи) божхона-пости модернизация қилинди. Уни реконструкция қилиш ишлари 2019 йилнинг октябрь ойидан бошлаб амалга оширилди.

Inbusiness.kz нашрининг хабар беришича, лойиҳа қиймати қарийб 15 млрд тенгени (35,2 млн доллар) ташкил этди. Ушбу маблағларга янги ускуналар — сканерлар, тарозилар ва бошқалар ўрнатилган, шунингдек икки қатор йўллар олти қаторгача кенгайтирилган. Модернизация қилиш юк ва йўловчи ташиш ҳажмини 5 баробар ошириш имконини берди.

«Илгари кунига — 150−200 та автомобиль ўтарди, ҳозир бу 1000 та транспорт воситасигача кўпайди. Йўловчи ўтказувчанлик бўйича олдин кунига 2000 га яқин одам ўтган бўлса, ҳозир назорат пунктимиз 10 минг кишига хизмат қилиши, текшириб ўтказиши ва уларга оқ йўл тилаши мумкин», — дейди Бауиржан Конисбаев божхона пости раҳбари Газиз Аббасов.

«Яллама» божхона пости харитада кўриниши.

«Мир 24» телеканали аниқлик киритишича, ҳозирча бу ердан фақат юк машиналари ўтказилмоқда. Пандемия тугаши билан божхона постида Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари қабул қилина бошлайди.

Шикоятлар бўлмаган тақдирда, инсон омилига тўлиқ чек қўйган ҳолда, божхона расмийлаштируви 15 дақиқадан кўп вақт талаб қилмайди. Текшириш (тортиш, сканерлаш, интергация назорат қилиш тизими) ва рухсатномаларни бериш масофадан туриб амалга оширилади, деб ёзмоқда Inbusiness.kz.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳозирги кунга қадар ҳар икки томон ўтказиш пунктлари одатий тартибда фаолият юритган. Ўзбекистон ва Қозоғистон 2017 йилнинг декабрь ойидаёқ ўзининг ўтказиш пунктларини модернизация қилишга келишиб олган эди. 2020 йил «Яллама» пости «рақамли (ақлли) божхона» тамойили асосида тўлиқ реконструкциядан чиққан эди.