Президентнинг 4 октябрь куни «Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Унга кўра, 2022−2023 йиллар давомида кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари кўлами оширилиши, шу жумладан, туман (шаҳар)ларда амалга ошириладиган амалиётлар тури 60 тадан 79 тага, ҳудудларда эса 130 тадан 168 тага етказилиши белгиланмоқда.

Қолаверса, В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида юрак ва ўпка трансплантацияси жорий этилади.

Ҳужжат билан, Хирургия маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказига 2022 йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйиш вазифаси юклатилмоқда.

Хирургия маркази ва ҳудудий давлат тиббиёт муассасаларининг хорижий тилларни яхши биладиган ходимлари 2021−2022 йилларда хирургия соҳаси учун долзарб йўналишлар бўйича нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилади. Шунингдек, Хирургия маркази фаолиятига етакчи хорижий мутахассислар жалб этилади.

Малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориладиган ходимларга Хирургия маркази билан тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ, Хирургия маркази ва ҳудудий давлат тиббиёт муассасаларида ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.

Хорижий мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартномада келишилган шартларга мувофиқ амалга оширилади. Улар учун икки томонга авиачипталарни сотиб олиш харажатлари (узоқ муддатли меҳнат шартномалари тузилганда бир йилда икки мартадан ошмаган ҳолда) ҳамда республика меҳмонхоналарида яшаш харажатлари тегишли давлат тиббиёт муассасаси томонидан миллий валютада тўланади.

Барча харажатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.