Россия Бош прокуратураси Ўзбекистон ҳудудида жиноят содир этган фуқароларни жиноий жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширди.

Россия Бош прокуратураси сайтида хабар берилишича, Жаҳонгир Байматов «хавфли рецидивист ҳисобланиб, Самарқанд вилояти Қушрабод тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бухгалтер бўла туриб, собиқ мактаб директори ва бошқа шахслар билан биргаликда 2018 йил декабридан 2019 йил декабрига қадар муассаса ходимларининг имзосини қалбакилаштириш орқали иш ҳақи баёнотларига ёлғон маълумотлар киритган. Шундай қилиб, у ишониб топширилган пул маблағларини ўғирлаган"ликда айбланмоқда.

Қахрамон Жамолов «2018 йил 7-ноябрдан 2019-йил 4-мартгача Тошкент шаҳрида омбор мудири бўлиб ишлаётганда хомашё, материаллар ва тайёр маҳсулотни катта миқдорда ўғирлаб кетганлик»да айбланмоқда.

Россия Бош прокуратураси, шунингдек, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг уюшган жиноий гуруҳ таркибида ўғриликда айбланаётган Жасурбек Мўминов ва қасддан баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказишда айбланган Феруз Ибрагимовни экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровларини қондирди.

Тўрт эркак Россияда турли вақтларда ҳибсга олинган. Ўзбекистон Бош прокуратураси уларни экстрадиция қилиш учун сўровлар тайёрлади.

Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг уларни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорлари қонуний кучга кирди, Россия Федерал жазони ижро этиш хизматига уларни зарур хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда топшириш топширилди. Улар махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида Ўзбекистонга етказилади, дейилади хабарда.