Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин аҳоли ўртасида бойликдаги фарқни камайтириш ва хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятларини жорий қилишга доир режасини эълон қилди. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Хитойда сўнгги ўн йилликда миллиардерлар сонининг ошиши кузатилди. Бунинг натижасида эса аҳоли даромадлари ўртасида кескин фарқланиш юзага келиши ушбу қарорга сабаб бўлгани маълум қилинди. «Умумий фаровонлик» мақсадлари орасида шаҳар ва қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш, аҳоли ўртасида бойликдаги фарқни камайтириш ва хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятларини жорий қилиш кабилар бор.

Маълум бўлишича, бундан бир ой аввал барча секторларга бизнес юритиш усулларини ўзгартириш буюрилган. Бунинг оқибатида, бир пайтлар мамлакатда жуда даромадли бўлган мактабдан кейинги таълим саноати репетиторлик қилишни тақиқлаш тўғрисидаги қарор билан бир кунда йўққа чиқарилди.

Шунингдек, cолиқ тўлашдан бўйин товлаган машҳурлар, тўлиқ шартномасиз ишчиларни ёллайдиган озиқ-овқат етказиб берадиган гигантлар ва ёшларга ўз платформаларида ўйинларга рухсат берувчи видео-ўйин гигантларига ҳам чекловлар ўрнатилди.

Ушбу чекловлардан сўнг бадавлат шахслар ва йирик корпорациялар бирданига хайрия ўйинларини кучайтирдилар. Хитойнинг энг бадавлат еттита миллиардери шу йилнинг ўзида 5 млрд долларни ҳайрия ишларига сарфлаган. Эндиликда Пекин нисбатан камроқ қўлларда тўпланган бойликни қайта тақсимлаш мақсадида мол-мулк, мерос ва капитал даромадларини солиққа тортиши мумкин.

Агар давлат бизнесни сусайтиришда давом этса, бу Хитой компанияларининг молиялаштиришни чеклаб қўйиши, инновация ва тадбиркорликни пасайиши, оқибатда иқтисодиётга жиддий путур етказиши мумкин. Хитой дунё иқтисодиётида катта ўринга эгалиги сабабли зарар бошқа давлатларга ҳам таъсир қилиши мумкин, деб келтирмоқда Bloomberg.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Хитой раҳбари Си Цзиньпин мамлакатда қашшоқлик тўлиқ бартараф этилганини эълон қилгани ҳақида хабар берилганди.