Хитой раҳбари Си Цзиньпин мамлакатда қашшоқлик тўлиқ бартараф этилганини эълон қилди, дея хабар берди «Синьхуа» ахборот агентлиги.

Охирги 8 йил ичида Хитойда қишлоқ хўжаликларида истиқомат қилувчи деярли 100 млн аҳоли қашшоқлик даражасидан олиб чиқилди. Барча 832 та уезд ва 128 мингта қишлоқ қашшоқлик рўйхатидан чиқарилди.

Хабарга кўра, Хитой бундай натижага ижтимоий дастурлар ва инвестициялар орқали эришди. Хитой ҳукумати бундай дастурлар учун ажратиладиган маблағларни йилдан-йилга оширди ва сўнгги 8 йил ичида ижтимоий дастурлар учун жами 246 млрд доллар сарфлади.

Сўнгги 40 йил ичида Хитой қишлоқларида яшовчи 770 млн аҳоли қашшоқлик даражасидан чиқди. Си Цзиньпиннинг таъкидлашича, Хитой ушбу режасини БМТнинг қашшоқликни бартараф этиш бўйича дастурида белгиланганидан 10 йил эртароқ амалга оширишга эришди.

Хитой стандартларига кўра, йиллик даромади 2300 юандан (340 доллар) кам бўлган инсонлар қашшоқлик чегарасидан пастда яшаётган ҳисобланади.