Россия томони Ўзбекистон президентининг аввалроқ Москвага режалаштирилган давлат ташрифининг жорий йилда амалга ошишига умид қилмоқда ва унга тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Тошкентда «Валдай» халқаро мунозара клуби ҳамкорлигида ўтказилган «Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги тарихий босқичидаги тараққиёт ва хавфсизлик таҳдидлари» халқаро конференциясида маълум қилди.

«Жуда жиддий ҳужжатлар пакети тайёрланди — биринчи навбатда савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида, шунингдек, бошқа соҳаларда, шу жумладан мудофаа соҳасида ва биз мазкур ташриф ҳақиқатан ҳам тарихий босқичга айланишига умид қиламиз», — деди ташқи ишлар вазири ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда президентнинг Москвага ташрифи режалаштирилган, шу йилнинг баҳорида Ўзбекистон ва Россия ТИВ раҳбарлари Абдулазиз Камилов ва Сергей Лавров мазкур ташрифга оид масалаларни муҳокама қилган эди.

«Биз шахсий учрашувлар бўлишини хоҳлаган эдик, бироқ бундай тўлиқ форматли ташрифни [сайловгача] ўтказишга улгурмасак, таклифимиз — президентлик сайловидан сўнг дарҳол биринчи ташрифни Россия Федерациясига амалга ошириш», — деган эди ўшанда Абдулазиз Камилов.

Андрей Руденко конференция давомида Россиянинг Марказий Осиёдаги сиёсати «максимал даражада очиқ» эканлигини айтди.

«Бизнинг ҳеч қандай махфий кун тартибимиз йўқ, биз минтақанинг барча давлатлари билан тенг ҳуқуқли ҳамкорликни, ишончли ҳамкорликни, максимал даражада ҳалол, принципиал мулоқот орқали қуришга интиламиз, — деди у. — Бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, биз минтақа давлатларини сиз ким билансиз — Россия биланми ёки Россияга қарши қабилидаги геосиёсий танловлар қаршисида қолдириш ғоялари ёки режалари йўқ».

«Биз кўрсатилаётган ёрдам ва кўмакни сиёсатлаштираётганимиз йўқ, — дея давом этди у. —  Биз учун энг муҳими, минтақа давлатлари иқтисодий ва ижтимоий нуқтаи назардан ривожланиши учун минтақада минтақавий ва эҳтимол янада кенгроқ доирадаги хавфсизлик учун қулай шароитлар яратилиши. Бу Россиянинг мазкур давлатлар билан узоқ муддатли, олдиндан айтиш мумкин бўлган муносабатларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун асос бўлади».

Андрей Руденконинг сўзларига кўра, буларнинг барчаси «сўнгги йилларда жуда жадал ривожланиб бораётган» Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигига ҳам тўлиқ тааллуқлидир.

«Бу иттифоқчилик ва стратегик шерикчилик характерини ўзида мужассам этади. Бу жуда муҳим характеристикадир — гарчи Ўзбекистон КХШТдаги (Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти — таҳр.) иштирокини 2012 йилдаёқ тўхтатган бўлса ҳам, биз бу мамлакатни ишончли ва содиқ иттифоқчи деб биламиз», — дея хулоса қилди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари.