Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни «Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинади:

  • қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;
  • алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;

2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Савдо-саноат палатасига маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилди.

Шунингдек, 2021 йил 1 октябрдан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функциялари (иловага мувофиқ) бекор қилинмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонунчилик талабларига (кейинги ўринларда — мажбурий талаблар) мувофиқлигини текшириш бўйича давлат назорати функциялари рўйхати қонун билан тасдиқланади, бунда тегишли қонун қабул қилингандан сўнг рўйхатга киритилмаган давлат назорати функцияларини амалга оширишга йўл қўйилмайди;

Ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун кечиктириб бўлмайдиган назорат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ текширувлар, шунингдек, сайёр солиқ текширувлари киритилади.

2022 йил 1 апрелдан босқичма-босқич мажбурий талабларнинг электрон реестри жорий қилинади. Бунда мазкур реестр давлат органлари ва ташкилотлари ўз ваколатлари доирасидаги соҳалар бўйича белгиланган тартибда тақдим этган мажбурий талаблар рўйхати асосида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан шакллантирилади ва юритилади.

2022 йил 1 январдан шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади;
  • Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти розилиги билан Савдо-саноат палатаси ходимлари иштирок этади;
  • Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисоби электрон тарзда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан юритилади;
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилади, бундан солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлар ва маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар мустасно.

2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ишлаб чиқилади ва ишга туширилади. Ахборот тизими қуйидаги имкониятларга эга бўлади:

  • давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини шакллантириш ва юритиш;
  • текширувларни электрон рўйхатга олиш ва Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисобини юритиш;
  • тадбиркорлик субъектларини тегишли мажбурий талаблар бўйича онлайн ўқитиш ва фаолияти мажбурий талабларга мослиги бўйича ўзини ўзи текшириш механизмларини жорий қилиш;
  • назорат қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган текширишларнинг белгиланган тартибда ўтказилишини баҳолаш.

2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилади.

Индекс Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан «Ягона давлат назорати» ахборот тизими орқали текширув натижалари асослилиги ҳамда қонунийлиги, профилактик тадбирлар ва текширувлар мутаносиблиги, тадбиркорларнинг текширув натижаларидан қониқиш даражаси каби кўрсаткичлар асосида тузилади.

Назорат қилувчи органлар ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 августга қадар, йил якунлари бўйича 1 февралга қадар амалга оширилган назорат тадбирлари таҳлилини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга киритади.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 сентябрга қадар, йил якунлари бўйича 1 мартга қадар Индекс натижалари тўғрисидаги ахборотни ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кўп такрорланувчи ҳуқуқбузарликлар ҳамда улар содир этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида маълумотни «Ягона давлат назорати» ахборот тизимига жойлаштиради ва жамоатчиликка эълон қилади.

2021 йил 1 ноябрга қадар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Ягона давлат назорати» ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун 1 миллиард сўмгача бўлган миқдорда маблағлар ажратилади.

7 сентябрь куни президент солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича фармонни имзолади.