11 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Қодиров Алишер Келдиевич ва Ўзбекистон Экологик партиясидан Обломурадов Нарзулла Наимович Ўзбекистон президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

«Газета.uz» мухбирининг хабарига кўра, президентликка кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари қонун талабларига мослиги экспертлик гуруҳлари томонидан тасдиқланган.

«Бугунги мажлисда шунингдек, гувоҳномаларни тасдиқлаб олдик, тез кунларда рўйхатга олинган номзодларга ушбу гувоҳномаларни топширамиз», — деди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.

«Миллий тикланиш» ва Экология партиялари ўз номзодларини қўллаб-қувватловчи имзоларни 8 сентябрь куни МСКга торширган эди.

«Миллий тикланиш» партиясидан Алишер Қодировни қўллаб-қувватловчи жами 287925 нафар сайловчининг имзоси тўпланган.

Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулла Обломуродовни қўллаб-қувватловчи имзолар сони эса жами 231210 тани ташкил этган.

Иккала партия ҳам Ўзбекистон жами сайловчиларининг умумий сонининг (21 266 011 нафар) камида 1 фоизи (212 660 та) миқдорида имзоларни МСКга торширган.

Имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текшириш тартибига оид низомнинг 14, 15-бандларига асосан 212 660 та имзога нисбатан 15% имзолар, яъни 31 899 тасидан ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳридан) тенг нисбатда яъни 2 279 тадан текшириш учун танлов асосида ажратиб олинган. Текширувлар натижаларига кўра, экспертлик гуруҳлари ижобий хулоса берган.

Эслатиб ўтамиз, сайловолди тарғибот ва ташвиқот ишлари 20 сентябрдан бошланади.

Аввалроқ, Номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари кимлар томонидан қандай текширилиши ҳақида батафсил ёзган эдик.