14 июль куни Андижон шаҳар депутати Жаҳонгир Жиянов томонидан «ИИБ ходимларига фуқарони қўлини синдиришга ким ваколат берди?» сарлавҳаси остида фуқаро И.Шахабовга Андижон шаҳар ИИБ Пост-патруль хизмати ходимлари томонидан тан жароҳати етказилгани ҳақида хабар берган эди.

Унинг ёзишича, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ноқонуний кишан тақиб қийноққа солингани оқибатида фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилган, энг ёмони жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, унинг чап қўли cинганлиги аниқланган.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Жаҳонгир Жиянов томонидан эълон қилинган мақоладаги ҳолатлар юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ушбу ҳолат юзаcидан ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳам изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 12 июлдан 13 июлга ўтар кечаси Андижон шаҳар, Эски шаҳар ҳудудида тунги хизматга жалб қилинган пиёда патруллар А.Хошимов ва Қ.Носиров тунги соат 00:40 ларда ушбу ҳудудда жойлашган «Шухрат-люкс» савдо дўкони олдида ўтирган фуқаро И.Шахабов ва унинг 3 нафар шеригидан тунда кўчада бўлиш мақсадларини сўраган. ИИБ ходимлари фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшираётганларида, ходимларнинг ҳаракатларидан норози бўлган И.Шахабов турли эътирозлар билдирган.

Чақирув асосида воқеа жойига етиб келган пост-патруль хизмати 4-отряд командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари С.Мухамедов И.Шахабов ва унинг шериклари билан профилактик суҳбат ўтказиб, уларнинг шахсига аниқлик киритиб, уйларига жавоб берган.

Қайд этилишича, кейинроқ фуқаро И.Шахабов тунги соат 03:30 ва 04:00 ларда қайта ИИБга қўнғироқ қилиб, ходимларнинг ҳаракатларидан норози эканлигини билдирган. Унинг чақирувига кўра пост-патруль хизмати бошқармаси ўринбосари А.Юлдашев келиб, ходимларнинг ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви ўтказилишини уқтирган. А.Юлдашев фуқаро И.Шахабовни ўзининг хизмат автомашинасида уйига олиб бориб қўйган. «Бу вақтда И.Шахабовда ҳеч қандай тан жароҳатлари бўлмаган», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Хабарда таъкидланишича, шу куни эрталаб И.Шахабов вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ИИО ходимлари тан жароҳати етказганлиги бўйича мурожаат этган. Ҳозирда фуқаро жароҳатни қаерда олганлиги бўйича суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.

«Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, фуқаро И.Шахабов муқаддам 2021 йил февраль ойида ҳам худди шу мазмунда, яъни ички ишлар органи ходими унинг қўл бармоқларини синдирганлиги ҳақида мурожаат қилган, лекин прокуратура органлари томонидан ўтказилган текширув натижасида унинг кўрсатмалари ўз тасдиғини топмаган», — дейилади хабарда.