Тахминан бир ойдан бери Ўзбекистондаги лагерда бўлиб турган афғон учувчилари ва бошқа хизматчилар якшанба куни мамлакатни тарк эта бошлади. Бу ҳақда учувчилардан бирига таяниб Reuters агентлиги хабар қилди.

12 сентябр куни The Wall Street Journal АҚШ ва Ўзбекистон бир гуруҳ афғон ҳарбий учувчиларини Дохадаги АҚШ ҳарбий базасига кўчириш юзасидан келишувга эришганлиги тўғрисида ёзди.

Reuters берган маълумотга кўра, учувчилардан бири, исмини ошкор қилмаслик шарти билан, учувчиларнинг биринчи гуруҳи дастлаб БААга йўл олишини айтган. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини кўчириш ишлари 12−13 сентябрь кунлари бир нечта босқичда ўтказилиши кутилмоқда.

Агентлик, шунингдек, COVID маркази базасида ташкил этилган лагердан фотосуратларни ҳам эълон қилди. У ерда самолётдан ҳам кўзга ташланиши мумкин бўлган контейнерларни кўриш мумкин.



Foto: Reuters.com

Flightradar24 маълумотлари ҳам иккита Boeing 757−200 (HY3533 ва HY3535) рейси Термиз аэропортидан Абу-Дабига парвоз қилганини тасдиқлайди.


Foto: Flightradar24

Қарийб бир ой олдин афғон учувчилари Афғонистон ҳарбий ҳаво кучларига қарашли вертолёт ва самолётларда Ўзбекистонга учиб ўтган эди. 16 августда Ўзбекистон Бош прокуратураси ичида 585 нафар қуролланган афғон ҳарбий хизматчилари бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт мамлакат ҳаво ҳудудини ноқонуний кесиб ўтганлиги ҳақида хабар қилган эди (кейинроқ хабар тўлиқ текширилмаганлиги маълум қилинган). Кузатиб бориш вақтида Ўзбекистоннинг МиГ-29 самолёти ва афғон Embraer 314 самолёти ўзаро тўқнашиб кетган

Август охирида WSJ расмий шахсга таяниб, Ўзбекистон ҳукумати АҚШни афғон учувчилари ва уларнинг оилаларини мамлакатдан чиқариб юборишни режалаштираётгани тўғрисида огоҳлантирганлигини хабар қилди. Нашр буни «Толибон» ҳаракати Ўзбекистондан самолётлар ва вертолётларни қайтаришни талаб қилаётганлиги билан изоҳлади.

Сентябрь бошида Reuters агентлиги Ўзбекистондаги лагерда бўлиб турган афғон учувчилари ва бошқа шахсларни ватанига қайтарилиши ҳақида хавфсираётгани тўғрисида хабар қилди. «Агар бизни ортимизга қайтариб юборишса, бизни ўлдириб юборишларига 100% ишончим комил», — дея таъкидлади учувчилардан бири.

WSJ Ўзбекистондаги 46 та Афғонистон самолёт ва вертолётларининг (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 иМи-17), тақдири ҳали ноаниқлигича қолаётганини таъкидлади.