Ўзбекистондаги лагерда бўлиб турган ҳамда АҚШ дастурлари доирасида ўқитилган афғон учувчилари ва бошқа шахслар ватанга қайтариб юборилишларидан қўрқмоқда, деб ёзди Reuters.

Гап қарийб уч ҳафта муқаддам Афғонистон ҳаво кучларининг вертолёт ва самолётларида Ўзбекистонга учиб ўтган афғон учувчилари ҳақида кетмоқда. 16 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси 585 қуролланган афғон ҳарбийлари бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт мамлакат ҳаво ҳудудини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақида хабар берди (кейинчалик хабар тўлиқ тасдиқланмаган дейилди). Ўшанда кузатиб бориш вақтида Ўзбекистоннинг МиГ-29 ва Афғонистоннинг Embraer 314 самолётлари тўқнашиб кетганди.

18 август куни «Газета.uz» Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида чодирли шаҳарча барпо этилгани ва у ерга 100 нафардан зиёд афғонистонлик қочқин жойлаштирилгани ҳақида хабарберди. Бундан ташқари, 650 нафар ҳарбий хизматчининг ковид-марказга жойлаштирилгани маълум қилинди.

Reuters репортажида қайд этилишича, лагер қўриқчиларидан бири: «Сизлар бу ерда абадий қолиб кетмайсизлар», — деб ҳазиллашган. «Кутилмаган бу огоҳлантириш лагердаги бехавотирлик туйғусини янада кучайтириб юборди», — дейди афғон учувчиларидан бири.

Агентлик маълумотларига кўра, афғон ҳарбий хизматчилари қарийб уч ҳафтадан буён АҚШ томонидан эвакуация қилинишларини сабрсизлик билан кутишмоқда. «Бизни қайтириб юборишса, 100 фоиз аминманки, бизни ўлдириб юборишади», — деган учувчилардан бири.

Учувчи Reuters билан уяли телефон орқали суҳбатда ўзини «ўзини эркин ҳаракатланиши қаттиқ чеклаб қўйилган, узоқ вақт қуёш остида қолаётган, озиқ-овқат ва дори-дармонлар етарли бўлмаган ҳолатдаги маҳбус» каби ҳис қилаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бу вақт ичида баъзилар озиб кетган.

«Гўёки қамоқхонадамиз», — деган учувчи лагерда тахминан 465 афғон борлигини айтган. «Бу ерда бизда эркинлик йўқ».

Фото: Maxar Technologies / Reuters.
Август ойи охирида Reuters томонидан олинган сунъий йўлдош тасвирларида лагер атрофидаги баланд деворларни кўриш мумкин, яшаш учун мўлжалланган блоклар аввалроқ COVID-19 беморларини даволаш учун қўлланилган. Лагер Термиз шаҳри яқинида жойлашган.

Агентлик, шунингдек, ковид-марказдан олинган фотосуратларни ҳам эълон қилди, уларда икки қаватли ётоқлар бўлган хоналар акс этган. Учувчининг сўзларига кўра, маҳаллий қўриқчилар қуролланган, айримлари — тўппончалар, бошқалари — ярим автомат қуроллар билан.

Август ойи охирида Американинг The Wall Street Journal нашри расмий манбаларга таяниб Ўзбекистон ҳукумати АҚШни бир гуруҳ юқори малакали афғон учувчилари ва уларнинг оилаларини мамлакатдан чиқариб юборишга тўғри келаётганидан огоҳлантиргани ҳақида ёзганэди. Газета буни «Толибон» ҳаракати талаби билан боғлиқ эканини қайд этди.

Reuters АҚШнинг амалдаги ва собиқ давлат хизматчилари Америка ҳукуматининг афғонистонлик ходимлар ва самолётларни Ўзбекистондан эвакуация қилишдан бош тортаётганини танқид қилиб, «Толибон»нинг Ўзбекистон ҳукуматига босими ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

Сенатнинг Қуролли Кучлар Қўмитаси раиси, демократ сенатор Жек Рид Ўзбекистондаги афғон учувчиларининг аҳволидан қаттиқ хавотирда эканини айтди.

«Бу ходимлар хавфсизлиги учун ҳам, қимматли техник билимлари ва тайёргарлиги учун ҳам „Толибон“ қўлига тушмаслиги жуда муҳим», — деди у агентликка.

АҚШ Давлат департаменти вакилининг Reuters агентлигига айтишича, Қўшма Штатлар бу масала бўйича саъй-ҳаракатларни Ўзбекистон билан мувофиқлаштирмоқда ва афғон шахсий таркиби ва авиацияси хавфсизлиги таъминланган. У Афғонистоннинг барча қўшниларини «афғонларга қочқинлар таъқибга учраши мумкин бўлган мамлакатларга қайтишига қарши халқаро қонунларни хурмат қилиш» чақирди.

Агентлик маълумотларига кўра, Афғонистонда толиблар ҳокимиятга келишидан олдин ҳам уларнинг асосий мақсади АҚШда ўқиган инглиз тилида сўзлашувчи учувчилар бўлган. «Толибон» жангарилари уларни кузатиб турган ва базадан чиққан учувчиларнинг бир нечтасини ўлдиришган ҳам.

«Толибон» деярли бутун Афғонистонни эгаллашидан олдинги сўнгги кунлар ва соатларда баъзи афғон учувчилари 46 та самолётда мамлакатдан чиқиб кетишган. Бу 160 га яқин самолёт паркининг тўртдан биридан кўпроғидир.

Reuters афғон учувчисига таяниб, 15 нафарга яқин учувчи Embraer EMB 314 Super Tucano енгил штурмчиларини, 11 учувчи — UH-60 Black Hawk вертолётларини, 12 учувчи — MD-530 вертолётларини бошқаргани, бундан ташқари, кўп сонли Ми-17 вертолётлари бўлганини хабар қилди.

Лагерда ўнлаб учувчилардан ташқари, ҲҲК ва бошқа афғон хавфсизлик кучларининг хизмат кўрсатувчи ходимлари борлиги айтилди. Айримлар самолётларга оила аъзолари билан чиқишга муваффақ бўлган.

«Толибон» ўзбек лагеридаги афғонларнинг аҳволига изоҳ бериш сўровига дарҳол жавоб бермади, дейилади агентлик хабарида. Бироқ «Толибон»нинг юқори мартабали етакчиси Кобул эгалланганидан кейин Reuters билан суҳбатда улар учувчисиз учиш ускунлари ва вертолётларни ўғрилаб кетишганини айтган. Лекин у Афғонистон самолётларининг Ўзбекистондан қайтарилишига ишонч билдирган.

«Иншааллоҳ, қолган самолётларимизни оламиз. [Ҳозир] улар Афғонистонда эмас «, — деди у.

«Толибон», шунингдек, собиқ ҳарбий хизматчиларни, шу жумладан учувчиларни ҳам янги хавфсизлик кучларига қўшилишга таклиф қилишларини айтган. «Толибон» «репрессив қотилликлар бўлмайди», дея ишонч билдирган.
Reuters учувчига таяниб чоршанба куни афғон ходимларидан биометрик маълумотларни олиш учун Ўзбекистондаги чодирли шаҳарчага АҚШ ҳукуматининг расмий вакили келганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, америкалик вакилларнинг пайдо бўлиши афғонларнинг кайфиятини бирмунча кўтарган, бироқ уларга ёрдам бериш-берилмаслиги ҳозирча номаълум.

Аввалроқ Financial Times Европа Иттифоқи мамлакатлари Афғонистон қўшниларига (Покистон, шунингдек, тахминларга кўра Ўзбекистон, Тожикистон ва Эронга) қочқинларни қабул қилиш эвазига 600 млн евро тўлаб беришни режалаштираётгани ҳақида хабар қилган эди.