АҚШ ва Ўзбекистон бир гуруҳ афғон учувчиларини Дохадаги ҳарбий базага кўчириш тўғрисидаги келишувга эришди. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси ёзмоқда.

Гап қарийб бир ой муқаддам Афғонистон ҳаво кучларининг вертолёт ва самолётларида Ўзбекистонга учиб ўтган афғон учувчилари ҳақида кетмоқда. 16 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси 585 қуролланган афғон ҳарбийлари бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт мамлакат ҳаво ҳудудини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақида хабар берди (кейинчалик хабар тўлиқ тасдиқланмаган дейилди). Ўшанда кузатиб бориш вақтида Ўзбекистоннинг МиГ-29 ва Афғонистоннинг Embraer 314 самолётлари тўқнашиб кетганди.

Август ойи охирида WSJ расмий шахсларга таяниб, Ўзбекистон ҳукумати АҚШни бир гуруҳ юқори малакали афғон учувчилари ва уларнинг оилаларини мамлакатдан чиқариб юборишга тўғри келаётганидан огоҳлантиргани ҳақида ёзган эди. Нашр буни «Толибон» август ойи ўртасида Ўзбекистонга учиб ўтган ҳарбий самолёт ва вертолётларни қайтаришни талаб қилаётгани билан боғлади.

Газета маълумотларига кўра, учувчилар ва уларнинг оилаларини — жами 585 кишини — келишув доирасида жорий дамолиш кунлари (11−12 сентябрь) АҚШнинг Дохадаги (Қатар) ҳарбий базасига кўчириш кўчириш бошланади. Сўнгра улар доимий яшаш учун бошқа мамлакатларга жўнатилади. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, ҳозирча қанча кишининг АҚШга жўнатилиши ёки умуман олиб кетилмаслиги номаълум.

АҚШ Давлат департаменти изоҳ беришдан бош тортган.

46 та ҳарбий самолёт ва вертолётлар, жумладан Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 ва Ми-17 тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Сентябрь бошида Reuters ўз репортажида Ўзбекистондаги лагерда бўлиб турган ҳамда АҚШ дастурлари доирасида ўқитилган афғон учувчилари ва бошқа шахслар ватанга қайтариб юборилишларидан қўрқаётганини маълум қилди. «Бизни қайтаришса, 100 фоиз аминманки, бизни ўлдиришади», — дея маълум қилди учувчилардан бири. Reuters лагер тасвирларини ҳам эълон қилиб, афғонлар Ўзбекистонга учиб келган самолёт ва вертолётлар моделлари ҳақида хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябрь куни «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг вақтинчалик ҳукумати таркибини эълон қилди. Ўзбкистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлади ва янги давлат идоралари билан «конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини» билдирди. Ўз навбатида, «Толибон» вакили Анас Ҳаққоний толиблар ўзбек ҳукуматининг ижобий муносабатини қадрлашини маълум қилди.

ЎзЛиДеП сайловолди съездида президент Шавкат Мирзиёев «Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, қўлимиздан келган барча ёрдамни аямаслик»ни таъкидлади.