Ўзбекистон ҳукумати АҚШни бир гуруҳ юқори малакали афғон учувчилари ва уларнинг оилаларини мамлакатдан чиқариб юборишга тўғри келаётганидан огоҳлантирди. Бу ҳақда 30 август куни Американинг The Wall Street Journal нашри расмий шахсларга таяниб хабар қилди. Газета буни «Толибон» ҳаракати талаби билан боғлиқ эканини қайд этди.

Гап икки ҳафта муқаддам Афғонистон ҲҲК вертолёт ва самолётларида Ўзбекистонга қочган афғон учувчилари ҳақида кетмоқда. 16 август куни Ўзбекистон Бош прокуратураси 585 қуролланган афғон ҳарбийлари бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт мамлакат ҳаво ҳудудини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақида хабар берди (кейинчалик хабар тўлиқ тасдиқланмаган дейилди). Кузатиб бориш вақтида Ўзбекистоннинг МиГ-29 ва Афғонистоннинг Embraer 314 самолётлари тўқнашиб кетди.

WSJ нашрининг ёзишича, Ўзбекистон АҚШни «Толибон» билан муносабатларга путур етмаслиги учун учувчиларни учинчи давлатга етказиш бўйича тезкор чоралар кўришга чақирган.

Газетанинг таъкидлашича, Американинг учувчиларни ўқитиш ва афғон ҳаво кучларини яратиш дастури Афғонистон қуролли кучларини қўллаб -қувватлаш бўйича энг муваффақиятли дастурлардан бири ҳисобланади. АҚШ мазкур дастурга миллиардлаб доллар сарфлади.

Нашр Ўзбекистонга қочган афғон учувчиларни «Толибоннинг энг нафратланган душманлари» деб атади, чунки ўнлаб йиллар давом этган можаро пайтида улар ҳаво ҳужумларида кўп сонли қурбонларга сабаб бўлган.

Толиблар Ўзбекистондан ҳаво кемаларини Афғонистонга қайтаришни ҳам талаб қилишган, деб ёзмоқда WSJ.

Конгрессмен, Вакиллар палатасининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси аъзоси ҳамда АҚШ ҲҲКнинг собиқ учувчиси Август Пфлюгер АҚШ давлат котиби Энтони Блинкендан «Толибон» томонидан тазйиққа учраши хавфига тўқнаш келаётган учувчиларга ёрдам беришга аралашишни сўради.

«Менимча, энг ёмон ҳолатда улар Афғонистонга қайтади ва ўлдирилади, бироқ, эҳтимол, уларни номаълум тақдир кутмоқда», — дея таъкидлади конгрессмен.

АҚШ Давлат департаменти эса қуйидагича баёнот берди: «Биз Ўзбекистон ҳукуматига афғонларни Ўзбекистонга қабул қилишда давом этаётгани учун миннатдорчилик билдирамиз, айни вақтда уларнинг узоқ муддатли хавфсизлиги учун барча имкониятлардан фойдаланмоқдамиз».

Август Пфлюгернинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ўтган ҳафта унга «учувчилар уйларига қайтишга мажбур эмаслиги, бироқ бу ерда ҳам қололмаслигини» айтган.