6 сентябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича вазири Доминик Рааб ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар Афғонистондаги вазият ва мазкур мамлакатда тинч сиёсий жараёнга кўмаклашиш борасида фикр алмашдилар. Ҳар икки томоннинг бу йўналишда ҳамкорликни кенгайтиришдан бирдай манфаатдор эканлиги маълум қилинди.

Доминик Раабнинг танқид остига олингани


1 сентябрь куни Британия парламенти аъзолари ҳукумат Афғонистондан ўз фуқаролари ва бошқа шахсларни эвакуация қилишга тегишли равишда тайёргарлик кўра олмаганлиги сабабли Доминик Раабни кескин танқид қилишди, деб ёзмоқда Irish Times.

Рааб бунга жавобан барча британ махсус хизматларини бирлаштирадиган Қўшма разведка қўмитаси Кобул кейинги йилгача ишғол қилинишини кутмаганлигини таъкидлади.

Бироқ, парламентнинг ташқи ишлар бўйича Махсус қўмитаси раиси Том Тугендхат Доминик Раабнинг гапларини инкор қилиб, Кобул қулашидан 3 ҳафта олдин мамлакат ТИВи томонидан 22 июлда эълон қилинган ҳисоботдан иқтибос келтирди.

«Афғонистондаги тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолди ва АҚШ / НАТО қўшинларининг кетиши толибларнинг тезлик билан ҳаракатланишига олиб келмоқда. Бу шаҳарлар қулаши, хавфсизлик кучларининг парокандалиги, «Толибон»нинг ҳокимият тепасига қайтиши, аҳолининг оммавий равишда қочқинликка юз тутиши ва сезиларли равишда инсонпарварлик эҳтиёжларини келтириб чиқариши мумкин. Эҳтимол, элчихонани ёпишга тўғри келиши мумкин», — дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, вазир сўнгги маротаба Афғонистондан одамларни эвакуация қилишни муҳокама қилиш учун Ўзбекистон ёки Тожикистонга қачон ташриф буюрганлигини ҳам айта олмади.

Том Тугендхат Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маасни наъмуна қилиб кўрсатди. Маас немис фуқароларининг эвакуациясини ташкиллаштириш учун Тошкентга шахсан ташриф буюрган эди. Ўзбекистон ТИВ Абдулазиз Камилов билан учрашувда Германия вазири мамлакат фуқароларини ва афғонистонликларни ҳаво ва қуруқлик орқали эвакуация қилиш масалаларини муҳокама қилган эди.

Доминик Рааб Ўзбекистон ўз чегараларини ёпганлигини таъкидлади. Том Тугендхат эса унгача Германия ўз фуқароларини олиб чиқишга эришганлигини қайд этди.

Шунингдек, вазир Британия ҳарбий кучларига ёрдам берган ва Буюк Британияга кўчиб ўтиш ҳуқуқига эга бўлган, лекин юртида қолиб кетган афғон фуқароларининг сонини аниқ келтира олмади.

3 сентябрь куни Буюк Британия ҳукумати Афғонистон билан қўшни мамлакатлар афғон қочқинларига ёрдам бериши учун 30 млн фунт стерлинг (40 млн доллардан ортиқ) ажратилишини эълон қилган эди.

10 млн фунт стерлинг БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Агентлигига ажратилади, яна 20 млн фунт стерлинг эса энг кўп қочқинлар қабул қилинаётган мамлакатларга одамларни барча керакли нарсалар билан таъминлаш учун ажратилади.

Сешанба куни Доминик Рааб Афғонистонда бўлиб турган Буюк Британия фуқаролари сони бир неча юз кишидан иборат эканлигини айтган эди.

31 август куни FT Буюк Британия ТИВига таяниб 15 кишидан иборат Инқирозга жавоб бериш жамоаси Британия фуқаролари ва бунга ҳуқуқи бўлган афғонларга Афғонистонни учинчи мамлакат орқали тарк этишида ёрдам бериш учун кейинги 48 соат ичида Покистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга бориши ҳақида хабар берган эди.