30 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрига ташриф билан келган Германия федерал ташқи ишлар вазири Хайко Маас билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон — Германия ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди, бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва кун тартиби кўриб чиқилди.

Хайко Маас Ўзбекистон томонига Афғонистондан Германия ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг эвакуациясини ташкиллаштиришда кўрсатган ёрдами учун яна бир бор миннатдорлик билдирди.

«Томонлар Афғонистон йўналишида яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилдилар», — дейилади хабарда.

Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси маълумотларига кўра, «немис ва ўзбек томонлари ташқи сиёсатдаги вазият, хусусан Афғонистон ҳамда фавқулодда ҳолатда халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар».

Хайко Маас ўзининг Twitter`даги саҳифасида ёзишича, учрашувда Германия фуқаролари ва афғон ходимларини ҳаво ва қуруқликдан эвакуация қилиш йўллари муҳокама қилинган. «Ўзбекистон кейинги ҳамкорликка тайёр. Тафсилотлар ҳозирда келишилмоқда», — дея қайд этди Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Германия Мудофаа вазирлиги 26 август куни Афғонистондан эвакуация қилишни якунлади. Тошкент аэропорти маршрутнинг оралиқ нуқтаси сифатида ишлатилган, бу ерда эвакуация қилинганлар ҳарбий транспорт самолётларидан йўловчи самолётларига ўтказилган. Эвакуациянинг якунланиши муносабати билан Тошкентга келган Германия мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр «жуда кескин вазиятда» Ўзбекистон ёрдами учун миннатдорчилик билдирган эди.

Ҳаммаси бўлиб, Германия қуролли кучлари Афғонистондан 5300 дан ортиқ одамни, шу жумладан камида 45 мамлакат фуқароларини эвакуация қилиб, 37 та рейсни амалга оширди.