Тошкентда Ўзбекистон автомобиль монополияси ҳақидаги янги граффити пайдо бўлди. Мазкур ижод намунаси Inkuzart тахаллуси остида иш олиб бораётган маҳаллий граффитичи Абдураҳмонга тегишли.

4 сентябрь куни у ўзининг Instagram саҳифасида граффитини чизиш жараёни акс этган видеони, тайёр ҳолати туширилган бир нечта фотосурат эълон қилиб, «Монополия» деган сўзни илова қилиб қўйди.

Кўча рассомининг ижод намунасида Chevrolet савдо белгиси остида автомобиллар ишлаб чиқарувчи UzAuto Motors компанияси монополиясига ишора қилиб, машина олиш учун узун навбат акс эттирилган. Тасвирларда пуштиранг бош кийимдаги киши ҳам акс эттирилган бўлиб, у бир вақтлар автомобилларни қўшимча тўлов эвазига (халқ тилида «шапка» дейилган — таҳр.) сотиб олинганига ишора қилади.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари суратлар Чилонзор туманида жойлашган АҚШнинг собиқ элчихонаси деворига чизилганини маълум қилди. Уларнинг сўзларига кўра, граффитиларни ўчириш ташлашга ҳаракат қилинган. Жумладан, интернетда сариқ формадаги (ободонлаштириш бошқармаси ходимлари бўлиши керак) ишчиларнинг суратлар устидан бўёқ тортаётгани акс этган фотосуратлар пайдо бўлди.

Бироқ Daryo нашри 5 сентябь куни ўчириш ҳаракати муваффақиятсиз тугаганини маълум қилди.

Кейинроқ Inkuzart ўз саҳифасининг ҳикоялар қисмида граффитининг катта қисми оқ бўёқ ёрдамида ўчириб ташлангани тасвирланган фотосуратни эълон қилди.

Кейинроқ, ижтимоий тармоқларда янги граффит тўлиқлигича бўяб ташлангани акс этган фото эълон қилинди.

Фото: Tentakminds / Telegram

UzAuto Motors компанияси томонидан 2021 йилнинг январь-июль ойларида 124,9 минг дона ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,9% ёхуд 43,8 мингта камроқ енгил автомобиль ишлаб чиқарди. Ишлаб чиқариш ҳажми камайишига глобал миқёсда микрочиплар тақчиллиги сабаб қилиб кўрсатилди.

31 август куни Spot UzAvto Savdo маълумотларига таянган ҳолда Lacetti сотиб олиш учун навбат 31 мингтага етганини хабар қилди. уларнинг 18,4 мингтаси L-Elegant, 12,6 мингтаси эса L-Comfort моделини олмоқчи. Cobalt учун ҳам навбатлар кузатилмоқда — 31 август куни улар сони 11 мингтадан ошган.

Август охирида президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда Асакадаги автомобиль заводида ишлаб чиқарилган автомобиллар экспортга ички бозорга нисбатан 30−40 фоиз арзонроққа сотилганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, келгусида рақобат муҳитининг шаклланиши, Тошкент, Наманган ва Жиззах вилоятларида янги заводлар қурилиши натижасида автозавод ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишига тўғри келади.

Inkuzart фаолияти ҳақида

«Газета.uz» аввалроқ маҳаллий Бэнкси номини олган граффитичи Inkuzart ишлари ҳақида ҳикоя қилган эди. У яқинда Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Абрурауф Фитрат портретлари акс этган граффитларни чизганди.

Фото: Afisha.uz.

Июнь ойи охирларида унинг аввалроқ чизган граффити — тиббий ниқобдаги Мона Лиза тасвири ҳам бўяб ташланган эди.