Ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors компаниясининг янги автомобиллари учун кўп минг сонли навбатлар ҳосил бўлаётгани, айрим дилерлар автомобилнинг модели ва комплектациясига қараб 500 дан 2000 долларгача «шапка» сўраётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

UzAutoSanoat расмий боти маълумотларига кўра, Lacetti автомобилини кутаётганлар сони 20 мингдан зиёдроқни ташкил этса, Cobalt — 6300 дан, Nexia-3 — 1500 дан, Spark — 1600 дан ортиқ киши кутмоқда.

Компания бутун дунё бўйлаб автомобилсозлик саноати яримўтказгичлар танқислиги билан боғлиқ қийин даврларни бошдан кечираётганини эслатиб ўтди. Микрочипларнинг глобал танқислиги бир қатор йирик автомобилсозлик корхоналарида ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтатишга олиб келди.

UzAuto Motors ушбу муаммонинг салбий оқибатларини минималлаштиришга муваффақ бўлиб, заводларнинг тўлиқ тўхтаб қолишига йўл қўймаган, бироқ бу ҳолат янги транспорт воситаларини етказиб бериш муддатини узайишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда компания март ойи бошида огоҳлантирган.

«Юзага келган ҳолатдан фойдаланиб, баъзи бир виждонсиз бўлган субектлар томонидан спекулятив вазиятлар ва ноқонуний ҳаракатлар содир этилмоқда ҳамда бунга қарши „Ўзавтосаноат“ АЖ фаол кураш олиб бормоқда», — дейилади хабарда.

Компания товламачилик ҳолатлари ҳақида мижозлар билан ишлаш марказига 78 141 77−77 ёки Бош прокуратуранинг 1007 қисқа рақамларига мурожаат қилишни сўради.