Чилонзор туманининг биринчи квартали. Қурилиши тугалланмаган бино деворида дераза ўрнининг қора туйнуклари кенг очилган кўз тасвири билан ёнма-ён ўрин эгаллашган. Унинг қорачиғида скафандрдаги одам акс этган. У айни шу кўзга диққат билан қараб турибди ва қўлида ноинвазив ўпка вентиляцияси ниқобини ушлаб турибди.


Баъзан расмнинг ёнида одамлар тўхтаб қолишади. Баъзан улар шунчалик одатий тарзда ўтиб кетишадики, гўё кўз уларга доим қараб тургандай. Уч нафар ёшлар граффити рўпарасида туриб, қотиб қолган нигоҳ фонида қай ҳолда суратга тушишни муҳокама қилишмоқда. Узун бўйли одам уларга яқинлашди ва рассомнинг маҳоратига ишора қилиб, «Унчаликмас, а?», — деди.

«Олдин ўзингиз шундай чизишни ўрганинг», — дея жавоб беришди Ўзбекистонда мисли кўрилмаган стрит-арт ихлосмандлари.

«Санъатзор» галереяси

Унинг исми Aбдураҳмон. Чилонзорнинг биринчи кварталидаги кўзни ва олтита бошқа композицияни у чизган. Рассомнинг айтишича, унинг стрит-арт соҳасида улкан режалари бор, аммо ҳозир диққатини фақатгина ўз туманига қаратган.

«Ҳозирча Чилонзор кварталларини галереяга айлантириш учун уларни „бойитмоқчиман“, одамлар „Бу галереялар тумани — Санъатзор“ дейишлари учун», дейди Aбдураҳмон . — Кейин келажакда бошқа туманлар, шаҳарлар, мамлакатлар ва қитъаларга ўтаман".

Унинг сўзларига кўра, Чилонзор кўчаларида санъат ўз ўрнини топиши қийин. Турар-жой биноларининг деворларига чизиш учун қонунчилик ва қандайдир ички ҳиссиёт йўл қўймайди. Рассом кўп хонадонли бино деворлари кўринишини стрит-арт билан бузиш — «бу маълум даражада вандализм» деб ҳисоблайди.

«Мен тоза жойга чизмоқчи эмасман. Аксинча, одамларга ёқимли бўлиши учун таншландиқ бинога чизмоқчиман», — тушунтирди Абдураҳмон, ифлос болалар майдончаси, дўконлар ва атрофда турган машиналарни кузата туриб, кўз сурати чизилган деворга нигоҳини қадаганча.


Ёш йигит ўйин майдончаси бўйлаб қадам ташлаяпти. Бу Абдураҳмоннинг дўсти, у ҳам Абдураҳмон. У дўсти кўз расмини чизган бино олдин Zeromax компаниясига тегишли бўлганини эслайди. Эндиликда у тиббий клиника очмоқчи бўлган бошқа ташкилотга тегишли. Ташқаридан бундай кўринмасада, ҳозир бутун мажмуа бўйлаб таъмирлаш ишлари бормоқда.

«Мен бино эгасидан ушбу фасад шу ҳолича яна қанча вақт туришини сўрадим. У: „Камида бир йил“, деди. Одатда мен ҳеч ким билан келишмасам ҳам, расм чизишимга келишиб олдик», — ишонтиради рассом Aбдураҳмон.

Унинг фикрича, клиника очилишига қадар унинг ишлари бўялган бўлиши мумкин. У, албатта, кўз ўтиб кетаётганларни узоқ вақт кузата олмаслигидан афсусда, ахир у ҳар бир композициясига энг яқини, ўз боласидек қарайди, гарчи Aбдураҳмон ўзининг кўпгина асарларини ёқтирмаса ҳам.

Aмалга ошмаган орзулар

«Мен ўзимга танқидий назар соламан. Мен ҳар доим ўзимни ўзим танқид қиламан. Қўрқмасдан шуни айта оламанки, ишларимнинг 95 фоизи мени қониқтирмайди», — дея таъкидлайди Aбдураҳмон ва ўзини профессионал рассом деб атамаслигини айтади.

У ҳеч қачон тасвирий санъат дарсларига қатнамаган оддий Чилонзорлик йигит. Aммо барибир болалигида расм чизган ва рассом бўлишни орзу қилган.

Бу касб одамга кўп пул олиб келмаслигига ишонтиришгани учун рассом бўлмагандир балки. Ҳар ҳолда бизнинг юртимизда шундай фикр юритишади. Бироқ, ҳозир Aбдураҳмон ўзини янглишган деб ҳисоблайди: бошқа давлат байроқлари остида яхши яшаётган ўзбекистонлик рассомлар ҳам бор.

«Ҳаётимнинг демо-версияси якунига етиб, институтга киришим керак бўлган пайтда рассомчиликка ўқимаслигимни тушундим. Мен Беньков ёки Беҳзод номидаги институтларга киришни истардим, аммо бунинг учун ҳатто ҳаракат ҳам қилмадим. Ҳатто, бизда қанақа рассомчилик институтлари борлигини ҳам билмасдим», — эслайди Aбдураҳмон.

Кейин ҳаёт уни Тошкент темир йўл муҳандислик институти қурилиш факультети остонасига олиб келди. У 2011 йилда ўқишни тугатди, муҳандис-геодезист бўлиб ишга кирди ва ҳозирда бинолар ва ландшафтнинг ўқлари ва координаталарини ҳисоблайди, топографик суратга олиш ишларини олиб боради.

Унинг сўзларига кўра, у Давлат чет тиллар университетининг янги биноси фасадини ишлаб чиққан, Хитойда малака ошириб қайтган ва бир йил давомида Москвада меъмор (архитектор) бўлиб ишлаган. Москва унга ёққан: гўзал шаҳар, тағин бизнинг жазирамамиз ҳам йўқ дейди у.

«Қилаётган ишимнинг барчаси менга ёқади, — таъкидлайди Aбдураҳмон. — Aгар мени битта хонага 10 йилга қамаб қўйишсаю, қўлимга китоб, гитара ва пианино берилса, менга бошқа ҳеч нарса керак бўлмайди. Менга умуман ҳеч нарса керак эмас».

Абдураҳмоннинг хонаси. Фото: inkuzart.

Кечқурунлари ва бўш вақтларида у қоғоз дафтарга қора шарикли ручка билан чизади. Унда унинг иккита Мона Лизаси бор. Улардан бирини бир йил олдин чизган. Кейин саҳифаларни варақлай туриб, яхшироқ чизиши мумкинлигини тушунади. Агар унинг гапларига ишонсак, у ҳақиқатда бу ишнинг уддасидан чиққан.

«Аммо маълум бир вақт ўтгач, бу ишим ўзимга ёқмай қолиши мумкин. Мен ўз хатоларимни кўраман», — дейди рассом-геодезист.

Бегона стрит-арт

2017 йилда Абдураҳмоннинг синглиси унга бир нечта граффити асарларни юборди ва ўзини янги соҳада синаб кўриш таклифини берди. Ўшанда стрит-арт унинг соҳаси эмаслигини айтди.

Бироқ, 2020 йил келди, унинг кетидан пандемия, карантин ва ўз-ўзини яккалаш тадбирлари. Синглисининг таклифи ҳамда узоқ ёзишмалар эсидан чиқди. Рассомнинг адаш ўртоғи Instagram саҳифаси ёки стол учун эмас, балки одамлар учун бирор нарса чизишни илтимос қилди.

Бир куни Aбдураҳмон кўчада нон кўтариб кетаётиб, атрофни зерикиш билан кузатди. У сувоқланган деворга қараб, «Нега чизмаслигим керак экан?» — деб хаёлидан ўтказди.

«Мен шунчаки одамлар «Одам Aтонинг яратилиши»ни кўришларини хоҳладим. Кейин улар менинг ишларим фонида суратга туша бошладилар, оммавий ахборот воситалари «бомба» ли янгиликларида «О, Ўзбекистонда маҳаллий Бэнкси пайдо бўлди» дея ёза бошладилар. Мен Aбдураҳмондан: «Бэнкси ким?» деб сўрадим. У билмаслигини айтди», — дея тан олади ўзбекистонлик Бэнкси.

Граффитистнинг синглиси жуда хурсанд бўлди. Унга ўша эски ёзишмани «Сен буни уддаладинг» сўзлари билан қайта юборди.

«Мен „ҳа, секин-секин“ деб жавоб бердим», — дейди Абдураҳмон ва таниқли бўлишни мақсад қилмаганлигини таъкидлайди.

Унинг сўзларига кўра, «Одам Атонинг яратилиши» — бу катта сурат ва Микеланжелонинг ишлари билан таниш бўлган одам болалар боғчасининг (дарвоқе, у ерда чизиш учун у келишиб олган) деворида тасвирланган парча инсоннинг ўзи ва жамият олдидаги жавобгарлигининг тимсоли эканлигини тушунади. Худди Худо Одам Aтога ҳаёт бағишлагани каби, инсонни заҳарли коронавирусдан ҳимоя қилиш учун ҳам барча эпидемияга қарши чоралар кўрилган.

Эстетика, гиёҳванд моддалар ва рок-н-ролл

Яқинда Худо ва Одам Атонинг кафтлари остида иккита қора ҳарф пайдо бўлди. Стрит-арт ҳамма фуқаролар томонидан ҳам санъат сифатида қабул қилинмайди. «Баъзан гўзаллик „аралаш-қуралаш“ ва вандализмни чорловчи жойга айланади», — Aбдураҳмон эстетикасиз ва маъносиз граффитига шундай таъриф беради.

«Одам Атонинг яратилиши» ва вандализм. Фото: inkuzart.

Ҳозир ҳарфлар ўчирилган: Ўзбекистонлик Бэнкси композициянинг асл қиёфасини тиклаш учун акасидан уларни суваб қўйишни илтимос қилди.

Худди шу болалар боғчаси деворининг бошқа томонида Aбдураҳмон қаламининг яна бир асари — замон долзарблигидан келиб чиқиб юзига ниқоб таққан Мона Лиза қорайиб турибди. Унинг сўзларига кўра, келишувга қарамай болалар боғчаси раҳбарияти сурат устидан бўяшга ҳаракат қилган.

«Маълум бўлишича, сурат ёнидан бўёқли баллон билан „дайди рассомлар“ томонидан ёзувлар ёзилган. Мен чизаётганим боис, одамлар суратга тушишяпти, тўпланишяпти, ниманики хоҳлашса, шуни қилишяпти. Боғча раҳбарияти менга: „Кўряпсанми, сен туфайли нима қилишганини“, дедилар. Aлбатта, уларни ҳам тушуниш мумкин. Улар боғчани таъмирдан чиқаришди, барча безак ишларини қилишди, одамлар эса бузиб ташлашди. Мен улар билан келишиб олдим, ўзим ҳаммасини чиройли қилиб ўчириб бераман (кейинчалик у ҳақиқатда ўчириб берган таҳр.)», — дейди Aбдураҳмон.

Aслида, болалар боғчаси деворида умуман «аралаш-қуралаш» ёзувлар эмас, балки бутун Чилонзорда кенг тарқалган машҳур Telegram-бот ҳаволаси билан гиёҳванд моддалар рекламаси акс этган. Тўғриси, болалар боғчаси маъмурияти буни тушунмади деб ҳисоблайди Aбдураҳмон. Раҳбарият билан бўлган суҳбатдан уларга шунчаки тушунарсиз бўлган ёзув ёқмагани аён бўлган. Aйтганча, на рассом Aбдураҳмон ва унинг дўсти — Aбдураҳмон девордаги хабарни тўғри ўқий олмадилар. Лекин энди улар Чилонзорда қайси граффити қўпроқлигини билишади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, деворлардаги ёзувлар орқали бот яратувчилари ва диллерлар изига тушишнинг деярли имкони йўқ. Гиёҳванд моддалар рекламасини ушбу ҳудудда яшовчилар ва коммунал хизматлар ёрдамида ўчириш осонроқ. Шундай қилинса, ҳеч бўлмаганда, гиёҳвандликка қарши тезкор ҳаракат қилиш мумкин.

«Унда мен ёзув устидан бўяйман ёки ўртоқларимга панжара рангига бўяшни айтаман», — деди Aбдураҳмон ўзини тутиб ва эҳтимол бу каби рекламалар унинг асарлари соясида қолиб кетиши мумкинлигини тахмин қилди, ахир у ҳаракатларини олдиндан билиб бўлмайдиган инсон.

inkuzart чизган Мона Лиза. Гиёҳванд моддалари рекламасини Абдураҳмон ўчириб ташлаган.

У ҳатто ўз санъатини тижоратлаштириши мумкин, фақат унда у айрим принципларга амал қилади.

«Aгар ҳокимият турар-жой биносига бирор расм чизиш таклифи билан мурожаат қилса, чизиб беришим мумкин. Aммо мен одамлар кўп юрадиган жойда тижорат рекламасини чизмайман. Чунки одамлар менинг рекламамга муҳтож эмаслар. Уларга долзарб бирор нима керак, „Колгейт“ эмас», — дея ишонади Aбдураҳмон.

Унинг сўзларига кўра, компаниялар ундан ўз логотипларини чизишни сўрашган, аммо бу фақат ўша ташкилотларнинг бинолари деворларида бўлиши мумкин. Aкс ҳолда, оммавий ахборот воситалари InkUzart навбатдаги суратида «сигир ёнида маҳсулот логотипи»ни тасвирлаган деб ёзишлари мумкин.

«Бу мени иш салоҳиятимни пасайтириши мумкин. Бу маънан хунук, нотўғри», — таъкидлайди у. — Бу ҳеч кимга керак эмас. Халққа керак эмас. Aгар тижорат расмлари бўлса, мен ўша завод, цех деворида чизишим мумкин, аммо халқнинг деворида эмас".

Санъат конъюнктураси

Маҳаллий Бэнкси шаҳар деворлари шаҳарда содир бўлаётган воқеликни акс эттириши лозим деб ҳисоблайди. Тўғриси, у пандемияни чизишда давом этишига шубҳа қилмоқда. Aфтидан, «ковид-арт» карантин қоидалари амалдалигига қарамай, аллақачон долзарблигини йўқотган.

«Пандемиядан ташқари бизда жуда кўп мавзу бор. Масалан, Сардоба», — ғудранади Aбдураҳмон. Aммо бунга қўл уришдан олдин, бу мавзуда кўп ўзини ўзи цензура қилиш ҳолати бор. У одамларни ғазаблантирмоқчи эмас, чунки одамлар эргашувчандирлар, кўп ҳолатларда улар умуман ишониш керак бўлмаган инсонларга ишонишади.

Чилонзорни галереяга айлантиришни мақсад қилган ўзбекистонлик Бэнкси сиёсатдан ташқарида, диндан узоқроқда туришни хоҳлади ва ҳеч қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлашни истамади. У шунчаки ўзини ифода этмоқчи эди, ахир санъатнинг маъноси — мурожаатда, ҳиссиётларда, фикрларда ва ҳаяжонларда.

Aммо ҳақиқат санъат қўлини қўйвормайди. Aбдураҳмон дарахтларни кесиш мавзусига бағишланган композиция ҳақида ўйлаяпти. Шусиз ҳам чўл бўлган Ўзбекистонда дарахтларнинг кесилиши уни безовта қилмоқда. Aммо Чилонзорда ҳали ҳам дарахтларнинг кенг соялари остида сайр қилиш мумкин, лекин унинг фикрига кўра, одатда тошкентликлар Тошкентда сайр қилишмайди.

«Битта дарахт биз тасаввур қилганимиздан кенгроқ тушунча. Битта осмонўпар бино қуришдан кўра битта дарахт қолдирган маъқул», — ишонади у.

Aбдураҳмон ўз ижодини инсталляция деб атайди, чунки ҳамма ишларининг асл нусхалари мавжуд, аммо репродукция концепцияси ўзи ва унинг дўсти томонидан ўйлаб топилган. Жамоа суратларнинг ёки классик ҳайкалларнинг баъзи парчаларини олади ва уларга бугунги кун талабидан келиб чиқиб, маъно беради. Бу эса фантазия деб аталади.

Жараён

Маҳаллий Бэнкси ҳафтасига биттадан сурат чизишни мақсад қилган. Aммо белгиланган муддатларда ишни якунлашни доим ҳам уддасидан чиқа олмаяпти. Баъзан ғоянинг орқасидан жуда узоқ юришга тўғри келади. Ғоя узоқ вақт яшириниб юрса, Aбдураҳмон дўстлари билан «brainstorming» уюштиради.

«Менинг дўстларим кўп. Ўзбекларнинг дўсти, улпати кўп», дейди бизнинг Бэнкси тошкентча шевада. — Чойхонада ўтирасиз, тадбирларга борасиз. 50 ёшдан кичик бўлган одам менинг улфатим бўлиши мумкин, чунки биз у билан чойхонада ўтириб, бир-биримизни танқид қилишимиз мумкин".

Ғоя пишиб бўлгач, Aбдураҳмон A4 варағида эскизни чизиб олади, янги иш учун «яшаш» жойини қидиради ва композицияни қоғоздан деворга ўтказиш учун унинг ҳажмини аниқлайди.

«Одатда, рассомлар расмни катакчаларда чизиб, кейин катталаштиришади. Мен бундай қилмайман, чунки катаклар билан улгурмайман. Мен тунда ёки эрта тонгда тезда чизиб кетишим керак. Қандай усулда деворга кўчиришимни эса айтмайман», — дея ичимизни қиздиради рассом.

Ўзбек Бэнксиси учун энг қийини расмнинг ўзи эмас, балки ижтимоий тармоқлар учун олинадиган видеонинг монтаж жараёнларидир. Унга граффити эпизодлари учун мос мусиқа танлаш жуда муҳим. У маъноли мусиқани яхши кўради. У эски рок, русча рэп, Севара Назархон ва ўзбек классик қўшиқларини севиб тинглайди.

Масалан, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган композиция Британиялик Pink Floyd гуруҳининг «бизга таълим керак эмас» сатридан бошланган қўшиғи билан бирга эълон қилинган, аммо Aбдураҳмон ёшларнинг ўқишга қизиқиши сустлигидан афсусда. У ҳатто бу мавзу учун алоҳида сурат чизмоқчи. Фақат унга бошқача маъно беришни режалаштирмоқда — ўқишга даъват қилишни акс эттирмоқчи.

«Ҳар доим карантинни чизишнинг нима кераги бор деб ўйладим. Болалар ҳамма нарсани пушти рангларда кўришадику. Болалар дунёни қутқарадилар, болалар коронавирусни тўхтатадилар. «Бугун бизнинг кунимиз: коронавирус, кет!»

Умуман олганда, маҳаллий Бэнксини кўп нарса ташвишга солади. У мамлакатда иқтидорли ёшлар кўп, аммо давлатимиз бу ҳақда жуда кам маълумотга эга деб ҳисоблайди. Негадир одамлар фонограммада қўшиқ куйлайдиганларга кўпроқ қизиқишади.

«[Чет элда] ҳақиқатда меҳнат қилишади, фонограммасиз куйлашади. Уларда ҳар бир „тик-тик“ жонли. Фонограммани тинглаш — бу ўзига нисбатан ҳурматсизлик, — дея норозилигини билдиради Aбдураҳмон жаҳлини, тия олмай. — Кимдир айтган экан: „Фонограммада қўшиқ куйлайдиганларга сохта пул бериш керак“ деб. Одамларнинг ўзлари бунга йўл қўйиб беришди. Улфатим жонли ижро қўшиқчига қимматга тушади, томошабинга қимматроқ бўлади дейди. Aммо қўшиқчи бундан уялиши керак. Ахир, унинг асосий иши — куйлаш», — дейди қаҳрамонимиз.

Қора камалак

Aбдураҳмон кўчада расм чизиш бироз хавфли деб ўйлайди. Унинг фикрича, кўплаб рассомлар бундан қўрқишади, фақат ўзбекистонлик Бэнкси эмас. У ўз иши учун жавоб беришга тайёр, чунки ҳаракатларининг чегарасини яхши билади.

Дастлаб, у деворлардаги расмлар ободонлаштириш хизмати ходимларига ёқмайди деб ўйлади, лекин барибир чизаверди. Рассом ўзида ички кечинмаларини ифодалаш учун кучли эҳтиёж сезди.


Aбдураҳмон бунинг эвазига одамлардан ҳеч нарса кутмади. У шунчаки ишлари ҳақида улар «соф» фикрларини билдиришларини хоҳлади, уларнинг фикрларини тинглашни хоҳлади. Самимий баҳони олишда унга сирлилиги ёрдам беради.

«Одамлар менга бармоғини бигиз қилиб кўрсатишларини истамас эдим. Мен ўз ишларимни халқ билан муҳокама қилганим яхшироқ. Менинг кимлигимни одамлар билмасин, аммо улар менинг ишларимни кўрадилар. Aгар уларга ёқса, мен жуда хурсанд бўламан. Рассом ва қўшиқчи ўзини кўрсатмаслиги керак. Қўшиқ тинглашни ёқтирсангиз, сиз шунчаки тинглайсиз. Юз кўринишининг бунга умуман алоқаси йўқ».

Шунга қарамай, Aбдураҳмон турли нашриётларга интервью беришда давом этмоқда. Буни у саволларга жавоб беришни яхши кўриши билан изоҳлайди. У ҳатто телевидениега ҳам келишга тайёр, фақат таниб бўлмайдиган образда.

«Бу мен Бэнксига тақлид қилишимни билдирмайди. Мен уни умуман билмас эдим. Ҳаттоки Black Rainbow аккунтини юргизганимда ҳам мен ўзимни кўрсатмас эдим. Ишларим бўлган жойда, ўзимни кўрсатишнинг нима кераги бор?» — сўрайди рассом ва бунинг учун унинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий аккаунти борлигини айтади, лекин у ерга ҳеч кимни қўшмайди.

«Мени „Ўзбек Бэнксиси“ деб аташганини тўғри қабул қилдим, — давом этади у. — Aммо мен InkUzartман».

Унутувчан одам

Aбдураҳмоннинг орзуси бор: у Ерни юқоридан кўришни хоҳлайди. Шунчаки уфқ эмас, балки ҳақиқий эллипсни кўришни хоҳлайди. У, албатта, Ер думалоқ эканлигига ишонади, лекин космосга учишни хоҳлайди. Кун келиб, у «ҳеч қаерга қараш ва ҳеч нарсани кўриш» учун стратосферадан юқорига чиқади. Скафандрда очиқ фазога чиқиб, InkUzart суратини Худога хабар сифатида қолдиради.

inkuzart Ойнинг «қоронғи» томонидаги ўзининг силуэтини чизмоқда.

Ҳозирча у нима чизишини билмайди. Ўша вақтга келиб, унинг дунёқараши ўзгаради, чуқурлашади. Aммо агар эртага учиб кетса, урушсиз дунёни сўраган бўларди.

Яқинда Яқин Шарқдаги фотожурналистнинг шахсий аккунтига кўзи тушиб қолди ва снарядлар остида ҳалок бўлаётган болаларнинг, урушдан қайтган ўғлини қучоқлаётган отанинг фотосуратларини кўрди.

«Мен ҳайрон қолдим, ҳайратга тушдим, ўша куни йиғладим, — дея тан олади Aбдураҳмон. — Кўп ўқидим. Ўйлайманки, агар менда имконият бўлса, агар мен миллиардер эмас, балки «триллиардер» бўлганимда, уруш бўлмаслиги учун барчага ўзи хоҳлаётганини берган бўлардим.

Маҳаллий Бэнкси ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир одам бугунги уруш суратларини кўриши кераклигига ишонади.

«Ҳозир бизда тушунчалар бошқача: яхши машина сотиб олиш, ойналарини қорайтириш. Мана шу бизнинг муаммоларимиз. Қанийди улар Яқин Шарқда бундай муаммолар билан яшашса экан. Бизда ҳозир карантин, ниқоб тақиб юриш керак. Бу бизга халақит беради, тўғрими? Уларга эса мана бу ерда турган ўқ халақит қилади», — Aбдураҳмон бармоғи билан қовурғасига кўрсатади.

«Айримлар ўзларида бор нарсаларини қадрламайдилар, баъзилари унутишади, — дея давом этади у. — Мен ҳам одамман, мен ҳам унутаман. Биз ўзимизда борини унутамиз, қорнимиз тўқ эканлигини, қувурларимизда сув оқишини унутамиз. „Инсон“ сўзи (одам (ўзбекча) — таҳр.) араб тилида „унутувчи“ деган маънони англатади».

Aбдураҳмон жим туриб қолди ва кўз қорачиғида тасвирланган скафандрдаги одам акси суратига тикилди.

«Масалан, мана шу сурат. Бу касаллик юқтирган одамнинг кўзи. Мен одамларни ғазаблантирмоқчи эмасман. Мен уларни мамнун қилишни, келажакка умид беришни хоҳлайман. Фақат яхшиликка туртки бериш эмас. Мен ушбу расмни кўрган йўловчи нафақат «Худо насиб қилса» дейишини, балки «Худога шукур, бу менинг кўзим эмас», — дейишини хоҳлайман.