Экология соҳасидаги қонунлар қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Нарбаева юқори палата йиғилишида маълум қилди.

«Ўтган галги мажлисимизда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши бўйича Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ахбороти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, қўмита фаолияти қониқарсиз деб топилган эди. Хабарингиз бор, ушбу масала давлатимиз раҳбари ҳузуридаги видеоселектор йиғилишида ҳам танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, дарахтлар кесилишига жорий қилинган мораторий муддати 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши таъкидланди», — деди Нарбаева.

Сенат раиси бу борада ҳамма масъулиятни кучайтириб, натижага ишлаши кераклигини таъкидлади. «Экология соҳасида жавобгарликни кучайтириш нуқтаи назаридан амалдаги қонунлар қайта кўриб чиқилади», — дея таъкидлади у.

«Атроф-муҳит муҳофазаси, хусусан дарахтларни асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш каби қатор йўналишларда ҳудудий мутасаддиларнинг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш орқали уларнинг фаолиятига баҳо бериш (керак бўлса лавозимдан четлаштириш) мақсадга мувофиқ», — деди Танзила Нарбаева.

Эслатиб ўтамиз, 24 август куни президент раислигидаги йиғилишда соҳадаги тизимли муаммолар ҳал қилинмагани ва йўл қўйилган камчиликлар учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилди.