Айни дамда президент Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда, дея хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Йиғилиш кескин танқидий руҳда ўтмоқда», — деб ёзади Асадов.

Йиғилишда «соҳадаги тизимли муаммолар ҳал қилинмагани ва йўл қўйилган камчиликлар» учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилди.

Шавкат Мирзиёев экология йўналишга масъул бўлган қўмита, бошқа идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббус ва амалий ишлари кўринмаётгани танқид қилди. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келиши таъкидланди.

«Шу билан бирга, ҳудудларда «яшил майдон"лар 3−4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетди», — деди президент.

«Сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда», — дейди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан бор-йўғи 15 тасига тадбиркор жалб қилингани қайд этилди. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмаган, дейилади хабарда.