Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази Ўзбекистонда аниқланган коронавирус инфекцияси ҳолатларини ўрганиш натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, коронавирус ҳолатлари улушининг 82% ини «delta» штамми ташкил этади. Бу бутун кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Иккинчи ва учинчи ўринларни «alpha» (10,3%) ва 20А (7,7%) штаммлари эгаллашди.

Илғор технологиялар маркази директори Шаҳлохон Турдиқулова эълон қилинган маълумотларга изоҳ беришича, сўнгги ҳафталарда коронавируснинг «delta» варианти умумий касалланишлар сонининг бешдан тўртидан ошган.

«„Ҳинд штамми“ деб номланувчи вирус тури „Ухан“ ва „Британия“ версияларига қараганда кўпинча касалликнинг оғир шаклларига олиб келиши ҳавотирга солади. Бу умуман эпидемиологик манзарани тубдан ўзгартиради: афсуски, симптомсиз ҳолатлар камроқ учрамоқда ва инкубация даври қисқариб, соғлиқ учун жиддий оқибатлар хавфини кучайтиради. Бироқ яхши янгиликлар ҳам бор: тадқиқотларимиз шуни тасдиқлайдики, ҳозирги вакциналар янги штаммларга қарши самарали», — дейди у.

Таъкидланишича, эмланганлар камдан-кам ҳолларда касалликка учраган тақдирларида ҳам, инсон танасида вирус мутация қила олмаслиги сабабли COVID-19'ни енгил ўтказади. «Буни 24 август куни олинган ZF-UZ-VAC2001 препарати синовларининг учинчи босқичи натижалари ҳам тасдиқлайди», — дея қўшимча қилади у.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Ўзбекистонда коронавируснинг энг хавфли кўринишларидан бири «ҳиндча» штамм аниқланган эди.

Шунингдек, январь ойида Ўзбекистонда коронавируснинг «британча» штамми, апрель ойида эса «Жанубий Африка» штамми аниқланганлиги ҳақида хабар берилган эди.