Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази директорининг ўринбосари Алишер Абдуллаев «Газета.uz»га маълум қилишича, Ўзбекистонда ҳам коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқланган.

Унинг айтишича, коронавируснинг «ҳиндча» штамми Россиядан кириб келган бўлиши мумкин. «Бугунги кунда энг хафли штаммлардан бири „ҳиндча“ штаммдир», — дейди у.

Вазирликнинг маълумотларига кўра, «ҳиндча» штамм бир неча кун олдин қайд этилган. COVID-19 нинг ушбу штамми билан касалланаётганларнинг сони ортиб бормоқда.

Шунингдек, Абдуллаев сўнгги пайтларда коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг кескин кўпайётганига изоҳ бериб, бунга асосий сабаб вакцина қилинганлар фоизининг камлиги, эмланишни хоҳламаслик ҳамда ижтимоий масофаланиш ва бошқа карантин чекловларига амал қилмаслик эканлигини таъкидлади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходими Насиба Тоированинг нашрга маълум қилишича, Ўзбекистонда ҳам коронавирус билан такроран касалланиш ҳолатлари қайд этилган. «Шунинг учун ҳам касалликни бошдан ўтказганларда кучли иммунитет шаклланади деб ўйламаслик керак. Шунга ўхшаб, коронавирусга вакцина олгандан кейин ниқоб тақиш, масофани сақлаш, антисептик воситаларидан фойдаланиш каби эпидемияга қарши чораларни ҳам унутмаслик керак», — дейди у.

Унинг айтишича, ҳозирга қадар Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина қилинганлар орасида коронавирус касаллиги қайд этилмаган. «Вакцина биринчи навбатда коронавируснинг оғир оқибатлари ва ўлим ҳолатларидан ҳимоя қилади», — дея таъкидлайди Тоирова.

Алишер Абдуллаевнинг таъкидлашича, ҳозирда Ўзбекистонга ойига 500 мингдан 1 млн 200 минггача коронавирус тестлари ишлаб чиқариш қуввати мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 10 майдан бошлаб Ўзбекистон Ҳиндистонга авиақатновлар учун қатор чекловлар жорий қилган эди. Январь ойида Ўзбекистонда коронавируснинг «британча» штамми, апрель ойида эса «Жанубий Африка» штамми аниқланганлиги ҳақида хабар берилган эди.