17 апрель куни бош вазир бошчилигида бўлиб ўтган Коронавирусга қарши кураш штабининг йиғилишида Ўзбекистонга Жанубий Африка штамми кириб келгани айтилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Абдулла Арипов касаллик манбалари бўйича статистикага тўхталиб, 75% ҳолатларда оила ва қариндошлардан, 14−15% ҳолатда иш жойидан, 6−7% ҳолатда ОТМлардан, 11−15% ҳолатда умумий ўрта таълим муассасаларидан зарарланиш қайд этилганлигини маълум қилди.

«Ўтган йилги ҳолат билан таққосланадиган бўлса, ўшанда мактаб болаларида бу касаллик йўқ эди. Йил бошида британча штамм болалар ўртасида тарқалди, биз бир нечта мактаб ва боғчаларни ёпишга мажбур бўлдик. Яъни, ҳозир касаллик ҳам ўз турини ўзгартирди, янада хавфлироқ бўла бошлади. Олдин болаларга таъсир қилмаган бўлса, ҳозир уларга таъсир қиляпти, ҳаттоки боғча болаларига ҳам таъсир қиляпти», — деди бош вазир.

Ҳукумат раҳбари коронавируснинг Жанубий Африка штамми ҳам Ўзбекистонга бизга кириб келганини таъкидлади. «Буни Илғор технологиялар маркази Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати билан биргаликда ўрганишди, чуқур таҳлиллар олиб боришяпти ва ҳаммасини бир-биридан ажратиб чиқди», — деди у.

«Биз ҳали чегараларимизни ёпганимиз йўқ, шуни билиб қўйинглар. Чунки, барчасини тўхтатиб қўйиш учун катта даражадаги хавфни ҳали кўраётганимиз йўқ. Лекин касаллик кўпайишни бошлади, йил бошида кунига 15та ҳолат аниқланган бўлса, ҳозир 300тага чиқди», — дея қайд этди Абдулла Арипов.