Президент Шавкат Мирзиёев 13 август куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги «Янги Ўзбекистон» боғида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Тошкентни Чимён билан боғлайдиган ёнги йўл ёқасида, Akfa University кампуси билан туташ боғ марказида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб «Истиқлол» мажмуаси бунёд этилмоқда. Экин далалари бўлган бу жойларда аввалига Олимпия шаҳарчаси, йўлнинг қарши томонида эса дендропарк қурилиши режалаштирилган эди.

Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясини ифодаловчи дарахтнинг бешта шохи кўринишидаги боғда 5000 минг ўринли амфитеатр (солиштириш учун — Халқлар дўстлиги саройига 3900 киши сиғади), сунъий кўл, спорт ва болалар майдончалари ҳамда бошқа объектлар бўлади.

Давлат раҳбари мазкур боғ қурилишини 9 июль куни кўздан кечирган, 1 май куни эса биринчи дарахт кўчатларини ўтқазиш маросимида иштирок этган эди. Боғни Мустақиллик куни (1 сентябрда) очиш режалаштирилган.

Ҳозирда боққа манзарали дарахт (аксарияти катта дарахтлар) ва гуллар ўтқазилмоқда, яшил ҳудудлар ташкил этилмоқда. «Истиқлол» мажмуаси асосий конструкцияси ҳам ўрнатиб бўлинди, қурилиш ва пардозлаш ишлари давом этмоқда.

«Истиқлол» мажмуасининг асоси тикланиб, қуриш ва пардозлаш ишлари давом эттирилмоқда. Унда Ўзбекистоннинг 3 минг йиллик тарихи, аждодларимизнинг буюк мероси, халқимизнинг миллий қадриятлари ўз ифодасини топади. Президентимиз ушбу мажмуадан ўрин оладиган барельеф ва безак намуналари билан танишди. Мутасадди ва қурувчиларга ўз тавсияларини берди", — дейилади хабарда.