Каноэда эшкак эшиш. Токио-2020 Олимпия ўйинларининг навбатдаги кун дастурларида ўзбекистонликлар орасида каноэчи қизлар — Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова биринчи бўлиб баҳсларга киришишди.

500 метр масофага келган саралаш баҳсларида ўзбекистонлик спортчилар 2:04.854 сония билан ўз гуруҳларида тўртинчи натижани қайд этишди.

Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова. Фото: МОҚ ахборот хизмати

Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова чорак финални ҳам муваффақиятли ўтказишди. Иккинчи гуруҳда стартга чиққан спортчилар 2:04.450 дақиқа вақт билан иккинчи бўлиб маррага етиб келишди ва ярим финалга йўл олдилар. Энди улар эртага ярим финал босқичида финал йўлланмаси учун стартга чиқишади.

Бадиий гимнастика. 6 август куни ўзбекистонлик бадиий гимнастикачи Екатерина Фетисова ҳам Олимпия ўйинларида иштирок этди.

Екатерина Фетисова. Фото: МОҚ ахборот хизмати

Фарғоналик спортчи ҳалқада 19.800, тўпда 19.400, булавада 17.950, тасмада эса 18.350 балл тўплади. Умумий ҳисобда 75.500 балл жамғарган Фетисова 26 иштирокчи орасида 24-натижани қайд этди ва беллашувлардаги иштирокини якунлади.

Эркин кураш. Эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов (-74 кг) Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бронза медали учун курашга ўтиш босқичида Гвинея-Биссау вакили Аугусто Миданага қарши баҳс олиб борди. Абдураҳмонов ушбу курашда катта қийинчиликсиз ғалаба қозонди.

Бекзод Абдураҳмонов шоҳсупага кўтарилиш учун кечган беллашувда қозоғистонлик рақибини мағлубиятга учратди.


Бекзод Абдураҳмонов. Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

Бу босқичда Абдураҳмоновга 2019 йилги ЖЧ совриндори Данияр Кайсанов рақиблик қилди. Беллашув давомида ҳаракатлари ва абжирлиги билан ажралиб турган Абдураҳмонов якунда ўз ғалабасини тантана қилиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобига яна бир медални қўшиб қўйди. Шу тариқа Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар 2 тадан олтин ва бронзани ташкил этиб турибди.

Бекзод Абдураҳмоновнинг тақдирлаш маросимидан. Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

Эркин кураш бўйича яна бир Ўзбекистон вакили, Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори Магомед Ибрагимов (-97 кг) Токио-2020нинг биринчи беллашувида туркиялик курашчига қарши гиламга чиқди.

Магомед Ибрагимов. Фото: МОҚ ахборот хизмати

Сулаймон Караденизга қарши кечган курашда Ибрагимов ҳисобда олдинда бораётган эди. Бироқ Карадениз ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди ва сўнгги очкони олгандаги устунлиги эвазига кейинги даврага йўл олди.

Карадениз ярим финалда мағлуб бўлганлиги сабабли Магомед бронза учун курашиш имкониятидан маҳрум бўлди.

Замонавий бешкураш. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этаётган замонавий бешкурашчи Алисэ Фахрутдинова иккинчи дастурдаги иштирокини тугатди.

Алисэ Фахрутдинова. Фото: МОҚ ахборот хизмати

Регламентга кўра, спортчилар ушбу дастурда сузиш бўйича баҳс олиб боришди. 200 метр масофага кечган ушбу беллашувда ўзбекистонлик спортчи 2:16.45 дақиқа вақт қайд этди. Бу билан у ўз ҳисобига яна 278 очко қўшиб қўйди. Кейинчалик спортчилар қиличбозлик бўйича қўшимча бонус очколари учун баҳс олиб боришди.

Ундан кейин Фахрутдинова от сакратиш ва югуриб, лазерда ўқ отиш баҳсларида ҳам иштирок этди. Барча мусобақалар натижасига кўра 1165 очко тўплаган Фахрутдинова якунда 30-ўринни эгаллади ва мусобақа билан хайрлашди.

Хабар эълон қилинган вақтда Ўзбекистон иккита олтин ва иккита бронза медали билан мусобақа жадвалининг 34-поғонасини эгаллаб турибди.