«Женоа» сафида тўп сурган ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов «Рома» жамоаси билан шартнома имзолади. «Бўрилар» Шомуродов трансфери учун 17,5 млн евро тўлади.

Футболчининг агенти Герман Ткаченко Россиянинг «Спорт Экспресс» нашрига интервью бериб, Элдор Шомуродовнинг «Рома»га ўтиши эртак эмаслигини айтди.

«Бу 90 фоиз Элдорнинг машаққатли меҳнати ва қобилияти, қолган 10 фоиз эса биз шунчаки ўз ишимизни сифатли бажарганимиздан. Албатта, бу Элдорнинг ўз меҳнати, қобилияти ва ҳаракати самараси», — дея қўшимча қилади у.

Унга «Рома» қандай қилиб Шомуродовга қизиқиб қолгани ҳақида савол берилди.

«Миш-миш эмас, жиддий қизиқиш тахминан 3 ҳафта олдин пайдо бўлди. „Женоа“ бизга Рим клубидан қизиқиш бўлаётгани ҳақида маълумот берди ва бу ҳақиқат эди. Бунга қадар барчаси миш-миш эди», — дея жавоб берди Герман Ткаченко.

Шунингдек, агент Элдор Шомуродов ва Жозе Моуриньо («Рома» клуби бош мураббийи — таҳр.) ўртасидаги мулоқот ҳақида ҳам айтиб берди.

««Женоа»нинг рухсати билан улар телефон орқали гаплашишди. Жозе ундан ҳолати, кайфияти ҳақида сўради. «Рома» айни пайтда Португалияда йиғин олиб бормоқда, Элдор у ерга учиб боргач, Жозе базада уни қарши олди ва кулиб яна бир бор расмга тушишга тайёрлигини айтди: бир неча йил олдин улар Москвада учрашиб қолишган ва расмга тушишганди. Умуман, барчаси ижобий руҳда ўтди», — дейди Элдор Шомуродовнинг агенти.

«Рома» бош директори Тиагу Пинту ҳам Элдор Шомуродов трансфери борасида фикрлари билан ўртоқлашди.

«Элдор — юқори салоҳиятга эга футболчи. У ўзига яхши таниш бўлиб улгурган лигада муваффақиятли иштироки билан «Рома»да ўзини кўрсатиш ниятида. Иштиёқ билан биргаликда, унинг имкониятлари мураббийимиз Жозе Моуриньонинг ўйин услубига ҳам мос келади. Шунинг учун ҳам биз Шомуродовни клубда кўришдан хурсандмиз», — деди Пинту.

Ўзбекистонлик футболчининг ўзи «Рома» сафидаги илк интервьюсини берди.

«Ватанимни танитишдан фахрланаман. Бу мен учун катта фахр. Буни «Женоа»га ўтганимда ҳам билганман. Қандай катта клубга ўтганимни мухлислар яхши билишади, шу боис энди кўпроқ мухлислик қилишади», — дейди Элдор.

Элдор Шомуродовнинг «Рома» сафидаги илк фотогалереяси

Фото: gettyimages