«Женоа» ҳужумчиси Элдор Шомуродов «Рома» жамоаси билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клубнинг расмий сайти хабар бермоқда.


26 ёшли Ўзбекистон футболчиси «Рома» билан 2026 йил июнь ойининг охиригача, беш йиллик шартнома имзолади. Элдор Шомуродов клубда 14 рақам остида ҳаракат қилади. Шартномага асосан, «Женоа» клуби ўйинчининг кейинги трансферларидан улушга давогарлик қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Шомуродов «Женоа» клубига 2020 йилда «Ростов»дан ўтган эди. Ўшанда ҳужумчининг трансфер нархи 7,5 млн еврони ташкил қилган. Элдорнинг Генуя клуби билан шартномаси 2024 йил ёзига қадар мўлжалланган эди.

Италия А сериясининг 2020−2021 йилги мавсумида Шомуродов 31 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 1 та голли узатма берди. Transfermarkt интернет-портали Шомуродовни 7 млн еврога баҳолаган.


««Рома»га ўтиш — карьерамда олдинга катта қадам ташлашни англатади. Мен бу имкониятга лойиқлигимни исботлаш ва дунёдаги энг йирик клублардан бирида нимага қодирлигимни намойиш қилиш учун қўлимдан келганини қиламан. Ушбу келишув бу даражада тезлик билан амалга ошиши менинг мураббий ва янги жамоадошларимга қўшилиш ва иложи борича тезроқ ишга киришишга бўлган истагимдан далолат», — деди Шомуродов.

Маълумот учун, римликларнинг бош мураббийи ҳозир португалиялик мутахассис Жозе Моруиньо ҳисобланади.