Айни пайтда бўлиб ўтаётган Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесилишига доир масалалар юзасидан ахбороти эшитилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Президент фармони билан эълон қилинган дарахтларни кесишга мораторий даврида 5 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар томонидан 166 минг туп атрофида қимматбаҳо навли давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўраб қилган мурожаатлар рад этилиб, дарахтларнинг барчаси сақлаб қолинган.

Бироқ, дарахтларниннг ноқонуний кесилиши ҳалигача давом этмоқда. Мажлисда таъкидланишича, ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар жаримани тўлаган ҳолда яна шу каби ноқонуний ишларни давом эттиришмоқда.

«Одамлар жарима тўлаб, яна дарахт кесишни давом эттиряпти. Шунинг учун қўмитанинг бу борадаги янги таклифлари давлат томонидан қўллаб-қувватланяпти. Бу ишларни узоққа чўзиш керак эмас. Чунки, бир дарахтни экиб, катта қилгунча битта авлод улғаяди. У ўзидан кислород чиқариб, атрофга соя-салқинлик берганига қадар кўп вақт ўтади», — дея таъкидлади Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Маълумотга кўра, 2021 йилнинг 6 ойи давомида республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 597 та ҳуқуқбузарлик содир этилган ва ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўм зарар етказилган. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижасида 2 407 та қимматбаҳо навли дарахт, 2 109 та кам қимматли дарахт, 1744 м3 буталар ноқонуний кесилган.

2021 йилнинг бошидан дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши ва шикастлантирилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда энг кўп Қорақалпоғистон Республикаси (1 065 та), Самарқанд (609 та), Қашқадарё (534 та), Навоий (349 та), Тошкент (344 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

«Дарахтлар аёвсиз кесилиши давом этар экан, тизимда шаффофлик таъминланмас экан, ҳудудларнинг ободлиги ва одамларни рози қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам мутасадди вазирлик-идоралар, ҳудудий тузилмалардан мазкур масалаларда жавобгарликни кескин кучайтириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш талаб этилади. Шунингдек, дарахтлар муҳофазаси борасида ҳамма учун тушунарли ва очиқ бўлган яхлит тизим яратиш бўйича ишларни қайта кўриб чиқиш керак. Бунда рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор бериш керак», — деди Сенат раиси.

Мажлисда Экология қўмитасининг фаолияти ҳам танқид остига олинди. Таъкидланишича, президентнинг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сонли фармонига мувофиқ, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш ваколатини маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларига беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак эди. Бироқ шу кунга қадар мазкур топшириқ бажарилмаган.

Ҳукуматнинг 2018 йил 31 мартдаги 255-сонли қарори билан ҳудудий экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга оид ўз хулосаларини туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига юбориши ва ўз навбатида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан рухсатнома бериш амалиёти жорий этилган. Айнан ушбу амалиёт ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишига рухсат беришга шарт-шароит яратиб бераётганлиги айтилди.

Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги қарори билан Давлат экология қўмитасига дарахтларни муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг сони, тури, ёши, танасининг диаметри, географик жойлашуви ва бошқа параметрлари бўйича ҳисобга олиш ҳамда реестрини юритиш топширилган. Аммо қўмита томонидан жамоатчиликка бу ҳақда ахборот тақдим этиб борилмаган.

Ушбу қарорга кўра, дарахтларнинг хатлови ҳар беш йилда бир марта ўтказилиши натижасида республикада ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпайишига ҳамда аниқ статистик маълумотлар юритилмаслигига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан янгидан экилган дарахтларнинг ҳисобини юритиш, кўчатларнинг ягона электрон базасини яратиш ва унга ҳудудларда экилган кўчатлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб бориш ишлари ҳам тизимли ташкил этилмаганлиги ҳам алоҳида қайд этилди.

«Берилган мораторий сизларга имконият эди. Мазкур муддатда сизга мана шу ишларни тўғрилаб олишингиз берилган. Мораторий — бу дарахт кесилмасину, буёғига кесаверилсин деган муддат эмас эди. Қонунчиликни такомиллаштириш, механизмларни қайта кўриб чиқиш, жамоатчилик билан алоқаларни ўрнатиш, кадрларни масаласини ҳал қилиш, турдош вазирлик ва идоралар, ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш ва шу каби масалаларни қайта кўриб чиқиб, мораторий даврида якунлаб олишингиз керак эди. Мораторий тугагандан кейин ушбу механизмлар ишга тушиб кетса эди, ҳаммаси жойига тушиб кетарди», — деди Танзила Нарбаева.

Шунингдек, Сенат раиси ҳудудларда дарахтлар қуриб қолаётганлигига уларга етарлича эътибор берилмаганлиги сабаб бўлаётганлигини қайд этди.

«Ҳудудларда экология ходимлари фаол ишлаши керак, жойлардаги дарахтларнинг чанг босиб ётиши туфайли, етарли эътибор берилмаётганидан қуриб қолиши табиий. Айниқса, томчилатиб суғориш бўйича аниқ иш олиб бориш керак. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу борада бошқа давлатларнинг тажрибасини ўрганиши лозим. Сув танқислиги фақат Ўзбекистонда эмас-ку. Қандай қилиб бошқа давлатлар мавжуд имкониятлардан фойдаланяпти? Лекин уларда ҳамма жой кўм-кўк. Улар дарахтларга шикаст етказилса фожиадек қабул қилишади. Бизда эса бу оддийгина ҳолатдек бўлиб кетяпти», — деди у.