Иқтисодчи ва блогер Беҳзод Ҳошимов «Ular» лойиҳасининг навбатдаги сонида «карго-культ» ғояси ҳақида фикр билдирди. У ушбу ғоя ҳақида «Дорога к свободе. Беседы с Кахой Бендукидзе» китобида ўқиганлигини айтади.

«Карго-культ» — ўзи учар жисмлар ҳамда ҳаво худоларига ишонишни тарғиб қилувчи эътиқод. ХIХ асрларда Микронезия аҳолисига ғарб мамлакатлари томонидан самолётлар орқали озиқ-овқат маҳсулотлари юборилган. Бунинг оқибатида эса Микронезияликлар «самолётлар бизни боқади», дея уларнинг кичик моделларини ясаб, унга сиғина бошлашган.

«Ўша қабиладагилар самолётларнинг ҳайкалларини ясашган. Чунки самолёт уларни боққан. Бендукидзенинг (Каха Бендукидзе — грузиялик тадбиркор ва давлат арбоби — таҳр.) фикрича, биз совет тизимидан чиққан инсонлар ҳам катта «карго-культ»да яшаяпмиз. Масалан, мен бир вилоятга борганимда у ердаги бир одам бирор бинони кўрсатиб, «буни ҳоким қурган», дейди. Ҳоким қурувчимас, меъмормас, қандай қилиб йўқ нарсани бор қилади ҳоким? Биз давлатни «карго-культ» каби қабул қиламиз. Ҳоким пулни ишлаб чиқармайди, у ойликка ишлайдиган бюрократ. У шифохона қуролмайди ёки болалар боғчаси қуролмайди. У фақат жамиятнинг пулини тақсимотини қилади. Яъни бизнинг уларга нисбатан «карго-культ»имиз бор», — дейди Беҳзод Ҳошимов.

Иқтисодчининг таъкидлашича, иккинчи «карго-культ» бу — ўзбекча «карго-культ».

«Биз келажакда пул оламиз деб, ҳудди Микронезияда самолёт қуришгани каби, тижорий ташкилотлар қурамиз. Заводлар, фабрикалар, бизнес марказлар… Масалан, Тошкентдаги НБУ (Миллий банк — таҳр.) ёнида жойлашган бизнес марказ ҳам «карго-культ»га ўхшайди. Биз биламизки, чет элда шунақа банклар, бинолар бор. «Биз ҳам шундай қилсак бойиб кетамиз», деймиз. Бизга Микронезиядаги самолёт кулгули кўриняпти, аслида, бизда ҳам худди шунақа самолёт кўп», — дейди у.

Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистон асосан халқ хўжалиги объектлари, масалан, заводлар, меҳмонхоналар, осмонўпар бинолар қуришини айтиб ўтди. «Бизнинг ҳам ўша «карго-культ»чилардан принципиал фарқимиз йўқ. Биз ҳам жамият пули эвазига қурамизда, шу нарса бизга фойда олиб келади, деб ўйлаймиз. Биз моҳиятни суратга алмаштиряпмиз», — дейди у.

Иқтисодчининг айтишича, Андижон вилоятининг Асака туманидаги автомобиль заводи ҳам «карго-культ». «Завод бўлса пул бўлади, деб ўйлаймиз. Пул — пулчалик туриши керак», — дея қўшимча қилади у.

«Менинг хоҳишим шуки, ўзимизга бут ясаб қўймайлик. Кўп динларда Мусо алайҳиссаломни Мисрдан кетиши ҳақида айтилган воқеа бор. Маъно қанақа бўлади, улар ўзларига бут қуриб олишади ва 40 йил чўлда айлантириб юради. Сабаби, ўша «карго-культ»ни яратмаслик. «Сизлар ўзларингизга сигир яратиб олдинглар. Сизларга неъматни берадиган у сигир эмас», дейди Мусо. Биз ҳам шунақа сигирлар қилиб оляпмиз. Ўзи пулимиз йўқ, ўша ҳикояда ҳам пули бўлмайди, лекин бор пулидан сигир яратиб олишади. Бизда ҳам ҳаммаёқда сигир», — дейди у.