«Олимпия ҳаракати эҳтимол, бугунги кунда дунёдаги энг кучли ҳаракатлантирувчи кучдир», — деган эди америкалик енгил атлетикачи Эвери Брендеж.

Бугун, 23 июль куни Токиода XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросими бошланди.

Токио Олимпиадаси 2021 йил 23 июлдан 8 августгача давом этади. Ўйинлар дастлаб 2020 йилнинг ёзида бўлиб ўтиши керак эди, аммо коронавирус пандемияси туфайли мусобақа қолдирилган эди.

Аввалроқ, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Токиода бўлиб ўтадиган Ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган спортчиларнинг якуний таркибини эълон қилган эди. МОҚ маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён терма жамоа вакиллари спортнинг 17 тури бўйича 71 та лицензияни қўлга киритишган.

Бугунга қадар Ўзбекистон шарафини Олимпиада ўйинларида ҳимоя қилган спортчилар 10 та олтин, 5 та кумуш ва 17 та бронза медалларини қўлга киритган. «Газета.uz» Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён Олимпиада ўйинларида ғолибликни қўлга киритган ўзбекистонлик спортчиларни эслайди.

Лина Черязова

Фото: YouTube / Olympic

Лина Черязова 1989 йилда фристайл бўйича Жаҳон кубогида Собиқ Иттифоқ терма жамоаси таркибида иштирок этган. Иттифоқ парчаланганидан сўнг Ўзбекистон номидан халқаро мусобақаларда қатнашган.

1994 йилда Норвегиянинг Лиллехеммерида ўтган Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон номидан қатнашди. У қўлга киритган қишки олимпиада ўйинлари олтин медали ҳамон мамлакат тарихида ягоналигича қолмоқда. Бундан ташқари, у акробатикада фристайл бўйича ҳам биринчи олимпия чемпиони ҳисобланади. Спортчи 1992−1994 йилларда Жаҳон кубогининг 18 та босқичидан 13 тасида ғалаба қозонган.

1994 йил Олимпиада ўйинларидан сўнг у оғир тан жароҳати олган. Американинг Лейк-Плэсид қишлоғида машғулот вақтида 25 ёшида спортчи бошидан ҳаётига хавф солувчи жароҳат олди, бироқ у нафақат соғайди, балки катта спортга ҳам қайта олди. 1998 йилда Наганода қишки Олимпия ўйинларига саралаш бўлиб ўтди. Мусобақада 13-ўринни қўлга киритган Лина катта спортдаги фаолиятига якун ясаган.

Ўзбекистон тарихидаги биринчи чанғи акробатикачиси Лина Черязова 2019 йил 23 март куни Новосибирксда 51 ёшда ҳаётдан кўз юмган.

Оксана Чусовитина

Фото: МОҚ

Оксана Чусовитина етти бор (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016) ёзги Олимпиадада иштирок этган ҳолда Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Спортчи СССР, Германия (2006−2012) номидан Олимпиада ўйинларида иштирок этган, айни вақтда эса Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда. Чусовитина — 1992 йили жамоавий баҳсда олимпия чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Европа чемпиони, Осиё ўйинлари чемпиони бўлган. У таяниб сакрашга ихтисослашган.

Бугунги кунда Токиода бўлиб ўтаётган Олимпиада ўйинларида ҳам иштирок этмоқда. Бу унинг саккизинчи Олимпиадаси.

Муҳаммадқодир Абдуллаев


Фото: olympic.uz

Муҳаммадқодир Абдуллаев бокс бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, Осиё ва Олимпия ўйинлари ғолиби. 1999 ва 2000 йилларда мамлакатимизда «Йилнинг энг яхши спортчиси» деб топилган.

Муҳаммадқодир Абдуллаев 1995 йили Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё ўйинларида ғолиб чиқди, Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади, 1996 йили эса Атлантада ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланма олди.

У 1997 йили Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Осиё чемпиони бўлган. 1998 йили Хитойнинг Чонг-Гинг шаҳридан жаҳон кубоги билан қайтди, Бангкокда ўтказилган XIII Осиё ўйинларида эса олтин медалга сазовор бўлди.

1999 йили АҚШнинг Хьюстон шаҳрида жаҳон чемпиони деган юксак унвонга мушарраф бўлди. Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида ғолиб чиқиб, Сидней Олимпиадаси йўлланмасини кўлга киритган.

Сидней Олимпиадасида Муҳаммадқодир «жанг"ларда рақиблари устидан ғалаба қозонган ва ёзги Олимпия ўйинларининг биринчи чемпиони сифатида Ўзбекистон спорт тарихидан жой олган.

Артур Таймазов

Фото: ИА «Жахон»

Артур Таймазов келиб чиқиши осетин бўлган ўзбекистонлик эркин курашчи. У уч карра Олимпиада чемпиони (2004, 2008 ва 2012 йиллар), Сидней-2000 Олимпиадаси кумуш медали совриндори, икки карра жаҳон чемпиони, икки карра Осиё чемпиони, уч карра Осиё ўйинлари ғолибидир.

Артур Таймазов спортнинг эркин кураш тури бўйича Ўзбекистон шарафини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилган спортчилардан бири. Ўзбекистон Олимпия тарихида қўлга киритилган 6 та олтин медалдан 3 тасининг эгаси.

2000 йил Австралиянинг Сидней шаҳридаги Олимпиада ўйинларида 2-ўрин, 2004 йил Грециянинг Афина шаҳрида, 2008 йил Хитойнинг Пекин шаҳридаги Олимпиада ўйинларида 1-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон тарихида биринчи марта икки карра олимпиада ғолиби деган номни қўлга киритган.

2012 йил Англиянинг Лондон шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида ҳам 1-ўринни эгаллаган.

Артур Доктуришвили


Фото: МОҚ

Артур Доктуришвили катталар ўртасидаги мусобақаларда қатнашишни 2000 йилда бошлаган ва илк уринишда Европа чемпиони унвонига сазовор бўлган.

2001 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси таркибида гиламга чиқа бошлаган. 2003 йили Осиё Кубоги соҳибига айланган. 2004 йили Осиё чемпионига айланган, олимпиада арафасидаги саралаш мусобақасида иккинчи ўринни эгаллаган.

Греция пойтахти Афинада ўтган Олимпиада ўйинларида юнон-рум кураши бўйича мусобақада -74 кг вазн тоифасида гиламга чиққан. Иштирокчилар аввал гуруҳларда давра тизимида беллашишган. Ғолиблар бевосита ярим финал йўлланмасига эга бўлган. Доктуришвили гуруҳда венгриялик Тамаш Бержич, грециялик Алексиос Колицопулос ва озарбайжонлик Вугар Асланов устидан ишончли ғалабага эришган. Ярим финалда амалдаги олимпиада чемпиони россиялик Вартерес Самургашевни мағлубиятга учратган. Ниҳоят, финалда фин спортчиси — аввалги олимпиада ўйинларининг кумуш медали соҳиби Марко Юли-Ханнукселани енгган ўзбек спортчиси Афинадаги олимпиаданинг олтин медали эгасига айланган.

Ҳасанбой Дўсматов

Фото: МОҚ

Ҳасанбой Дўсматов боксчилик фаолиятини 11 ёшида, Андижондаги бокс мактабида бошлаган.

У 2011 йилда ёшлар ўртасидаги мамлакат чемпионида олтин медални қўлга киритади ва катталарнинг Ўзбекистон бокс терма жамоаси аъзосига айланади.

2013 йилда Қозон шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Универсиадада ғолиб чиқади. Ўша турнирда у Озарбайжон, Тожикистон, Мўғулистон ва Жанубий Кореядан ташриф буюрган кучли спортчиларни мағлубиятга учрата олганди.

Дўсматов 2016 йилги Рио Олимпиадаси олдидан фаворитлар қаторида эътироф этилган. У Бразилиядаги жангларида финал йўлида деярли барча рақибларини қийинчиликсиз мағлуб этган. Ҳал қилувчи жанг эса колумбиялик Мартинез Юберженга қарши тўқнаш келган Дўсматов Олимпиада чемпионлигини қўлга киритган.

23 ёшли боксчи Рио-2016даги бокс турнирида илк олтин медал эгасига айланган. Дўсматов Ўзбекистон тарихида Муҳаммадқодир Абдуллаевдан кейин Олимпиада чемпионига айланган иккинчи боксчи ҳисобланади. Рио Олимпиадаси якунларига кўра Ҳасанбой Дўсматов турнирнинг энг яхши боксчисига бериладиган Вэл Баркер соврини соҳибига айланган.

Руслан Нурудинов

Фото: МОҚ

Руслан Нурудинов ўзбекистонлик оғир атлетикачи. Халқаро майдондаги дастлабки ғалабасини 2009 йили Бирлашган Араб Амирликларида ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қўлга киритган ва олтин медалга сазовор бўлган.

Руслан Нуридинов 2011 йили Франциядаги жаҳон чемпионатида штангани силтаб кўтаришда кумуш медални қўлга киритган. 2012 йили Жанубий Кореяда ўтган Осиё чемпионатида ғолиб чиқди ва Лондон Олимпиадасида кучли тўртликдан жой олди. Кейинроқ оғир атлетикачи Руслан Нуриддиновнинг текширувдан ўтказилган 2012 йилги допинг намунаси ижобий натижа берган. Халқаро оғир атлетика федерацияси уни вақтинча спортдан четлатиб, Олимпиадада эришган натижалари, жумладан баллари бекор қилиниб, медал ва совринлари мусодара этилиши ҳақида маълум қилинган эди.

2013 йил оғир атлетикачи учун ҳар томонлама муваффақиятли бўлди. Дастлаб мамлакат чемпионатида ғалаба қозонган Руслан Осиё чемпионатида ҳам учта олтин медални қўлга киритди. Июль ойида Жаҳон унивесиадасида икки маротаба рекорд ўрнатиб, чемпион бўлган.

2016 йилги олимпиадада оғир атлетикачи Руслан Нуридинов силтаб кўтаришда Олимпия рекордини янгилаб, Риодаги ўйинларда олтин медални қўлга киритган.

Шаҳобиддин Зоиров

Фото: МОҚ

Шаҳобиддин Зоиров — ўзбек боксчиси. Олимпия чемпиони (2016), жаҳон чемпиони (2019), Осиё ўйинларининг кумуш медали совриндори (2014), Осиё чемпиони (2021), Осиё чемпионатининг икки карра кумуш медали соҳиби (2013, 2015).

Боксчи 2016 йилдаги Рио Олимпиада ўйинларида 52 килограмгача вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган. Финал баҳсида Зоиров россиялик Миша Алоянни мағлубиятга учратиб, Олимпиада шоҳсупасига кўтарилган.

Фазлиддин Ғоибназаров

Фото: МОҚ

Фазлиддин Ғоибназаров — биринчи ярим ўрта вазн тоифасида ҳаракат қилаётган ўзбекистонлик профессионал боксчи. Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган 2016 йилги Олимпия ўйинлари чемпиони, 2015 йилги Жаҳон ва Осиё чемпионатларининг кумуш медали совриндори, ҳаваскорлар ўртасидаги бокс бўйича бир қатор миллий ва халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори.

Кумуш ва бронза медалларни қўлга киритган ўзбекистонлик спортчилар

Карим Тўлаганов (бокс) — Атланта-1996 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Армен Багдасаров (дзюдо) — Атланта-1996 Олимпия ўйинларида кумуш медали;

Рустам Саидов (бокс) — Сидней-2000 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Сергей Михайлов (бокс) — Сидней-2000 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Магомед Ибрагимов (эркин кураш) — Афина-2004 Олимпия ўйинларида кумуш медали;

Баходиржон Султонов (бокс) — Афина-2004 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Ўткирбек Ҳайдаров (бокс) — Афина-2004 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Абдулло Тангриев (дзюдо) — Пекин-2008 Олимпия ўйинларида кумуш медали;

Ришод Собиров (дзюдо) — Пекин-2008 ва Рио-2016 Олимпия ўйинларида бронза медаллари;

Антон Фокин (спорт гимнастикаси) — Пекин-2008 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Екатерина Хилько (батутда сакраш) — Пекин-2008 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Ришод Собиров (дзюдо) — Лондон-2012 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Аббос Атоев (бокс) — Лондон-2012 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Иван Ефремов (оғир атлетика) — Лондон-2012 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Шахрам Ғиёсов (бокс) — Рио-2016 Олимпия ўйинларида кумуш медали;

Бектемир Мелиқўзиев (бокс) — Рио-2016 Олимпия ўйинларида кумуш медали;

Рустам Тўлаганов (бокс) — Рио-2016 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Диёрбек Ўрозбоев (дзюдо) — Рио-2016 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Эльмурат Тасмурадов (юнон-рим кураши) — Рио-2016 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Муроджон Аҳмадалиев (бокс) — Рио-2016 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Магомед Ибрагимов (эркин кураш) — Рио-2016 Олимпия ўйинларида бронза медали;

Ихтиёр Наврўзов (эркин кураш)  — Рио-2016 Олимпия ўйинларида бронза медали.