13 июль куни Амир Темур хиёбонида 150−200 га яқин фуқаролар тўплангани ҳақида хабар берган эдик. Бунга россиялик блогер, Субхан Мамедов (Subo) нинг обуначиларига пул тарқатиш ҳақидаги эълони сабаб бўлган. Ички ишлар органлари томонидан тўпланган фуқароларга карантин қоидаларига риоя қилиш ва оммавий тўпланмаслик кераклиги тушунтирилган ҳамда улар тарқатилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилишича, 26 нафар фуқарога (шу жумладан С.Мамедов ва унинг кузатувчиларига) карантин қоидаларига зид равишда жамоат жойида тиббий ниқобсиз бўлганликлари учун МЖтКнинг 54-моддасига асосан БҲМнинг беш бараваригача (1 млн 225 минг) миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, 83 нафар фуқарога нисбатан ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнида, 9 нафар вояга етмаган шахсларнинг ота-онаси билан профилактик суҳбат ўтказилиб, огоҳлантирилди. Ҳозирда суриштирув ишлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мазкур ҳолат юзасидан фикр билдириб, россиялик блогер Субхан Мамедов (Subo) билан профилактик суҳбат эмас, балки «унга нисбатан ёлғон маълумот тарқатиб, жамоат тартиби ва соғлигига хавф туғдиргани, йиғилишлар ўтказиш тартибини бузгани» нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳо берилиши кераклиги ҳақида таъкидлаган эди.

Карантин қоидалари ва чекловлари қўпол равишда бузилаётган ҳолатлар, хусусан, 13 июль куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида 150−200 нафарга яқин ёшлар йиғилган ҳолати эпидемиологик вазиятнинг янада оғирлашишига олиб келиши мумкин, дея маълум қилган эди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.