Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Тошкентдаги Амир Темур хиёбони яқинидаги оммавий тўпланиш бўйича воқеага изоҳ берди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар ИИББга таяниб, 13 июль куни Амир хиёбонида 150−200га яқин фуқаролар тўплангани ҳақида хабар берган эдик .Бунга россиялик блогер, Субхан Мамедов (Subo) нинг обуначиларига пул тарқатиш ҳақидаги эълони сабаб бўлган. Ички ишлар органлари томонидан тўпланган фуқароларга карантин қоидаларига риоя қилиш ва оммавий тўпланмаслик кераклиги тушунтирилган ҳамда улар тарқатилган. Хавфсизлик ходимлари оломонни дубинка, қалқон ва амунициялар билан тарқатишган.

Пойтахт ИИББнинг маълум қилишича, блогер Мамедов С. билан ҳам профилактик суҳбат ўтказилган ва мазкур воқеада қонун бузилиши ҳолатлари ва тартибсизликлар юз бермаган.

«У билан профилактик суҳбат эмас, балки унга нисбатан ёлғон маълумот тарқатиб, жамоат тартиби ва соғлигига хавф туғдиргани, йиғилишлар ўтказиш тартибини бузгани нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳо берилиши керак. Қонун маҳаллий блогерга ҳам, хорижий блогерга ҳам баробар бўлиши керак. Тартиббузарларни бундай эҳтиром ила яна кузатиб қўяверсак, эртага ўзимизга қийин бўлади», — деди Комил Алламжонов.