Ижтимоий тармоқларда 13 июль куни пойтахтдаги Амир Темур хиёбонида фуқароларнинг оммавий тўпланиши юз бергани ҳақида маълумот тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ бу ҳолат юзасидан баёнот берди.

Маълумотга кўра, олдинроқ Instagram ва Youtube платформаларида «Субо» номи билан танилган блогер, 1999 йилда туғилган Россия фуқароси Мамедов Субхан Мурад угли ўз саҳифасида тез орада Тошкентда бўлишини ва обуначилари билан учрашиб, уларга пул тарқатишини маълум қилган.

13 июль куни тахминан соат 22:30 ларда пойтахтдаги Амир Темур хиёбонида блогерни кутиб олиш учун 150−200 га яқин фуқаролар йиғилган.

«Ҳозирги кунда эпидемиологик вазиятни инобатга олиб, юртимизда карантин чекловлари ўрнатилганлиги сабабли, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан фуқароларга карантин қоидаларига риоя этишлари ҳамда оммавий равишда тўпланмасликлари тушунтирилган ва фуқаролар тарқатилган», — дейилади хабарда.

Пойтахт ИИББнинг маълум қилишича, блогер Мамедов С. билан ҳам профилактик суҳбат ўтказилган. «Мазкур воқеада қонун бузилиши ҳолатлари ва тартибсизликлар юз бермаган», дея қайд этади бошқарма.

Бошқарма томонидан эълон қилинган видеода блогер Ўзбекистонга нукуслик саратон касаллигига чалинган обуначиси билан кўришиш ва уни Дубайга саёҳат учун олиб кетиш мақсадида келганлигини айтади. У хиёбонга бунчалик кўп одам тўпланишини кутмаганлигини, ички ишлар органлари ходимлари унга машинага ўтириб кетишига ёрдам беришганлигини таъкидлайди.

Тошкент шаҳар ИИББ фуқаролардан бундай мазмундаги чақириқларга учмасликларини ва карантин қоидаларига риоя этган ҳолда оммавий равишда тўпланмасликларини сўраб қолди.