Наманган вилоятининг Косонсой тумани «Тергачи» маҳалласи ҳудудидаги «Кушон» кичик саноат зонасидан топилган бомбалар тўлиқ зарарсизлантирилди, дея хабар қилди Daryo.

Қайд этилишича, зарарсизлантириш ишлари Поп туманидаги Ғурумсарой қишлоғида жойлашган ҳарбий қисм полигонида амалга оширилган. Авиация бомбалари ўқув снарядлари эканлиги айтилмоқда.

Косонсой туманидаги «Навбаҳор» маҳалласида яшовчи Маҳмуджон ота Сулаймоновнинг Daryo мухбирига маълум қилишича, бомбалар топилган ҳудуд ўтган асрнинг 50 йилларига қадар ҳарбий полигон бўлган. У пайтларда бу ерларда деярли аҳоли яшамаган. Снарядлар ўша пайтлардан қолиб кетган бўлиши мумкин.

Ҳозирда авиация бомбалари топилган ҳудудда навбатчилик ташкил этилган ва ФВБ ҳамда ИИБ махсус отрядлари томонидан қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 7 июль куни Наманган вилояти Давлатобод тумани «Юксалиш» маҳалла фуқаролар йиғини Кушон саноат ҳудудидан 4 та бутун ва 2 та яримта емирилган авиацион бомбалар топилгани ҳақида хабар қилинган эди.