Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова газ ва электр таъминотидаги узилишлар ҳақида сўз юритди.

Депутатнинг сўзларига кўра, асосий коммунал хизматлар монопол ташкилотлар томонидан кўрсатилади. Истеъмолчида танлаш имконияти йўқ. «Агар бу ташкилотлар истеъмолчининг манфаатларига ҳурмат назари билан қараса, ҳуқуқларини поймол қилмаса, хизматидан рози бўлинса, майли эди», — дейди у.

«Аммо ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр соатлаб эмас, кунлаб ўчирилса, табиий газ ёки суюлтирилган газ таъминотидаги узилишларга изоҳ шарт бўлмаса, аҳоли ичмаган суви учун пул тўлашга мажбур бўлса, телефон алоқасида ҳам ғазабни келтирадиган ҳолатлар етарли бўлсаю, улар устидан чора кўришнинг самарали қонуний асоси бўлмаса, нима қилиш керак?» — дея савол билан мурожаат қилди депутат.

Мақсуда Ворисова юқорида кўрсатиладиган барча коммунал хизматлар учун аҳоли ва таъминотчи ўртасида тузиладиган шартномалар тўлиқ қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади.

«Чунки унга юридик ҳужжат мақоми берилиши, унда томонларнинг ҳуқуқ ва масъулияти аниқ кўрсатилмаса, яна электр таъминоти учун тўловни 5 кунга кечиктирган фуқаро жарима тўлайди ёки таъминотдан узиб қўйилади. Лекин ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр таъминоти тўхтатилса ёки кучланиш ортиб кетгани сабабли хонадонлардаги электр асбоблар ишдан чиқса таъминотчига чора кўришнинг имкони йўқ», — деди ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Унинг таъкидлашича, «адолатли шартнома»да, албатта истеъмолчи ва таъминотчининг аниқ манзил ва боғланиш имкони, кўрсатиладиган хизмат тури, ҳажми, сифати, ўлчов асбобларининг ким томонидан қандай тартибда, қандай муддатда назорат қилиниши, кўрсатилган хизматлар учун тўлов шартлари ва миқдори, ҳар иккала томондан шартноманинг бирор моддаси бажарилмаган тақдирда кўриладиган чора ҳақида аниқ маълумотлар киритилиши шарт.

«Рақамли иқтисодиёт бутун дунёни эгаллаётган даврда яшамоқдамиз. Ҳар биримизнинг олишимиз зарур бўлган ва бизга кўрсатилган коммунал хизмат ҳажми очиқ бўлмас экан, фуқароларимизнинг электр тармоқлари ёки газ таъминоти корхоналарида компьютер олдида ўтирган ёшгина ходимларга ялинишларини кўришга, корхона мутасаддиларининг кўрсатмалари асосида ҳисоб рақамларимизга ўзлари хоҳлаган рақамларини киритишларига гувоҳ бўлаверамиз», — дейди депутат.

Унинг қўшимча қилишига кўра, Халқ демократик партияси аҳолига сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш, энг муҳими, бу борада ижтимоий адолат тамойилларига қатъий риоя қилинишини ҳукуматдан талаб қилади.

Навоий иссиқлик электр станциясини етказиб берадиган газ қувури таъмирланиши муносабати билан газ таъминоти ва ИЭСнинг битта буғ-газ қурилмаси фаолияти тўхтатилган эди.

Аномал иссиқ об-ҳаво шароитида мамлакатнинг бир неча ҳудудларидаги электр энергия таъминотида узилишлар кузатилди.