Ўзбекистонда янги ҳафта бошида Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига об-ҳаво кўтарилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

UzbMeteo Telegram каналининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида 6−8 июль кунлари Эрон ҳудудларидан кириб келган иссиқ ҳаво массаларининг «фаол босқичи» кузатилади.

Фото: UzbMeteo Telegram канали

Қайд этилишича, 8 июль куни жануб воҳа ҳудудларида ҳаво ҳарорати максимал +48 даражагача кўтарилиши мумкин. Баланд тоғликларда мавжуд қор ва музликларнинг фаол эриши ортидан, айрим дарёларда сув оқими кўпайиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати июль ойининг биринчи ярмида мамлакатга иссиқ ҳаво оқими кириб келиши оқибатида ҳудудларда об-ҳаво ҳарорати ўта кескин кўтарилиши кутилаётгани муносабати билан шошилинч чоралар кўришга киришди («Газета.uz» ҳужжат билан танишди).

Топшириқ президент администрацияси раҳбари З.Низомиддинов томонидан имзоланган ва бош вазир А.Арипов ва унинг ўринбосарлари, вилоятлар ҳокимлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларига йўлланган. Унга кўра, фавқулодда вазиятда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши оқибатида юзага келадиган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида шошилинч тарзда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши зарурлиги кўрсатилган.

Хусусан:

  • туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар ва идораларда доимий навбатчиликни йўлга қўйиш, зарур куч-воситалар ва махсус техникаларнинг тўлиқ шайлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни белгилаш;
  • ОАВ ва ижтимоий тармоқларни кенг жалб этган ҳолда аҳолини ўз саломатлигини асраши учун ҳушёр бўлишга чақириш, жумладан иссиқ ҳаводан ҳимояланиш, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш, зарурат бўлмаган ҳолларда уйдан ташқарида юрмаслик, айниқса сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексаларни ҳимоялаш юзасидан кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш;
  • аҳоли гавжум жойларда, жумладан, бозорлар, сайилгоҳлар, кўнгилочар масканларда биринчи тибби ёрдам кўрсатиш бўйича вақтинчалик тиббиёт пунктларини ташкил этиш;
  • даволаш-профилактика муассасаларида иссиқ ҳаво оқибатида сурункали касалликлари хуруж қилиши мумкин бўлган тоифаларни эътиборга олиб, тегишли койка-ўринлар ва дори воситалари захираларини етарли миқдорда шакклантириш;
  • умумий овқатланиш корхоналарида овқатларни тайёрлаш ва сақлаш, бозорларда ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотувчи савдо шохобчаларида маҳсулотларни ташиш ва сақлаш қоидаларига қатъий риоя этиш, аҳолининг бузилган озиқ-овқат маҳсулотларидан оммавий заҳарланишининг олдини олиш юзасидан назорат ишларини кучайтириш бўйича вазифалар берилган.

Шунингдек, дарё ва кўллар, аҳоли дам олиш масканларида хавфсизлик масалаларини кучайтириш, бунинг учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучларини тўлиқ сафарбар этиш зарур.

Топшириқда болалар лагерлари, дам олиш оромгоҳлари ва сиҳатгоҳларда кескин иссиқ об-ҳаводан ҳимояланиш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш, бунда кун татибига қатъий риоя қилиш, очиқ осмон остидаги машғулотларни чеклаш, болаларга кун давомида жисмоний юкламани имкон қадар камайтириш ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оромгоҳларда санитария-гигиена қоидалари ва меъёрларига қатъий амал қилиш устидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланган.

Топшириққа мувофиқ, энергетика тармоқлари, жумладан электр энергияси ва табиий газ таъминоти тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш зарур.

Барча даражадаги энергетика ва коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотларида тун-у кун навбатчиликни йўлга қўйиш, авария ҳолатлари олдини олиш ва тезкор бартараф этиш чораларини кўриш керак.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида кўп йиллик тажрибага эга бўлган соҳа мутахассислари, деҳқонлар ва олимларни жалб қилиб, экинларни ва яратилган ҳосилни сақлаб қолиш чораларини кўриш топшириқ қилинган.

Қолаверса, ноодатий иссиқ ҳаво натижасида кучли ёмғир ёғиши эҳтимолини инобатга олиб, жойларда сел тошқинлари хавфининг олдини олиш чораларини кўриш, тоғ ва тоғ олди ҳудудлардаги ёриб чиқиши мумкин бўлган юқори тоғ кўллари бўйича сел йўллари ҳолатини назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилган.