16:29 да янгиланди. Навоий ИЭСни газ билан таъминлайдиган газ қувурини таъмирлаш ишлари якунланди, иссиқлик электр станциясининг энергия блоклари ишга туширилди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Газ қувуридаги газ сизиб чиқиши соат 12:45 да бартараф этилди, коллекторларни тўлдириш ва Навоий ИЭСга газ етказиб бериш соат 13: 15да амалга оширилди. №№ 8, 9 энергия блоклари ва Навоий ИЭСнинг буғ-газ қурилмалари соат 16:09да умумий тармоққа электр энергиясини етказиб беришни бошлади, дея қўшимча қилди вазирлик.


Бугун, 7 июль куни соат 05:48да Навоий иссиқлик электр станциясининг буғ-газ қурилмаларини табиий газ билан таъминловчи 2-тармоқ газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати юзага келган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарга кўра, ҳозирда мазкур носозликни бартараф этиш ишларини хавфсиз бажариш учун «Навоий-4» газ тақсимлаш станцияси орқали газ таъминоти тўхтатилмоқда. Мазкур ишларни тўлиқ якунлаш жараёнида Навоий иссиқлик электр станциясининг 1-сон буғ-газ қурилмаси вақтинчалик тўхтатиб турилади.

Шу муносабат билан республиканинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.

Энергетика вазирлиги таъкидлашига кўра, июль ойининг биринчи ярмида мамлакатимиз ҳудудида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва 6−8 июль кунлари республиканинг суткалик электр энергияси истеъмоли 223 миллион киловатт соатгача етиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткич ўтган мавсумнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга кўпдир.

«Шу билан бирга, республикамиз сув омборларига сув келиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга кам ёки кўп йиллик ўртача сув келишининг 48 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳолат гидроэлектр станцияларнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келмоқда», — дейилади хабарда.

«Шунга қарамасдан, мамлакатимизда электр станциялар орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда», — дея Энергетика вазирлиги таъкидлаб, келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўради.