8 июль куни Молия вазирлиги навбатдаги суверен халқаро облигацияларини Лондон фонд биржасида жойлаштирилишини эълон қилди.

Миллий валютадаги халқаро облигациялардан келиб тушган маблағлар Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон учун БРМ облигациялари дастури доирасида ишлатилиши режалаштирилган.

Суверен халқаро облигацияларнинг жойлаштирилишини самарали ташкил этиш мақсадида халқаро инвестицион банклар ва юридик фирмаларга ўз таклифлари бўйича сўровномалар (Request of Proposals) юборилди ва рақобатли танлов асосида банк-андеррайтерлар — «Citi» (АҚШ), «J.P.Morgan Chase» (АҚШ), «Gazprombank» (Россия) ва «MUFG» (Япония) юридик консультант — «Dentons» (Буюк Британия) танлаб олинди.

«Яккама-якка» (one-on-one) форматида халқаро инвесторлар учун телеконфереция (Global Investor Call) 8−9-июль кунлари ўтказилиши режалаштирилган ва унда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Дания ва Швейцария каби мамлакатлардан халқаро инвесторлар иштирок этиши кутилмоқда.

Аввалроқ, 2021 йилда Молия вазирлиги 5 трлн сўмлик ғазначилик облигацияларини, шунингдек 700 млн долларга халқаро евробондларни чиқаришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.

Июль ойида бошида Moody’s агентлиги Ўзбекистоннинг кредит рейтингини «B1» даражасида сақлаб қолди, бироқ «барқарор» прогнозини «ижобий»га ўзгартирди.

Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов сешанба куни «Мунособат» дастури эфирида кредит рейтингининг яхшиланиши Ўзбекистонга паст фоизли ставкалар билан қарз олиш имкониятини яратишини маълум қилган эди.