Moody’s халаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли кредит рейтингини «B1» даражасида сақлаб қолди, бироқ «барқарор» прогнозини «ижобий»га ўзгартирди, дейилади агентлик баёнотида.

Прогознинг ўзгаришига мамлакатнинг институционал салоҳияти яхшилангани ва давлат сиёсати самарадорлиги ижобий таъсир кўрсатди. Агарда бу давом этса, агентлик рейтинг ўсишини қўллаб-қувватлайди.

Баёнотда қайд этилишича, асосий таркибий ислоҳотлардаги босқичма-босқич ривожланишлар, жумладан, пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш ва ўрта муддатли солиқ-бюджет стратегиясининг қабул қилингани давлат қарзи ўсишини чеклайди. Иқтисодиёт ва молия секторини кўпроқ рақобат учун очадиган ва тўқимачилик саноати каби соҳаларда меҳнат самарадорлигини рағбатлантирадиган ислоҳотларнинг кейинги ривожи мамлакатнинг кредитга лаёқатлилиги юқори эканлигини кўрсатади.

Агентлик маълумотларига кўра, 2017 йилдан бошланган асосий маҳсулотлар нархлари устидан назоратни бекор қилиш ва валюта операцияларини либераллаштиришга қаратилган қатор туб ислоҳотлар иқтисодиётдаги маҳсулдорлик ва рақобатбардошликни ошириб бўлди. Moody’s вақт ўтиши билан мазкур чоралар иқтисодий ўсиш ва инфляцион кутилмаларнинг пасайишига хизмат қилишини кутмоқда.

Агентлик ҳукумат COVID-19 пандемиясига қарамасдан, ислоҳотларни давом эттиришини тан олди. Масалан, давлат бюджети тўғрисидаги қонун давлат қарзини ЯИМнинг 60 фоизи даражасида чеклади.

Moody’s пандемиядан сўнг давлат қурилиш ва инвестиция лойиҳалари суръати тезлашгани, хусусий ички истеъмол яқинда коронавирус ҳолатлари ўсишини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич тикланиши ортидан ЯИМ ўсиши 2021 йилда 5,5% гача ва 2022 йилда эса 6,3% гача кўтарилишини кутмоқда.

Бундан ташқари, Марказий Осиёдаги қўшнилар билан алоқаларнинг яхшиланиши ҳамда Хитой ва Европа Иттифоқи (ЕИ) билан савдо алоқаларининг кенгайтирилиши Ўзбекистон экспортига қўшимча фойда келтирмоқда. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг савдо имтиёзлари дастурига (GSP+, 2021 йилда тасдиқланган) кириши ривожланаётган кийим-кечак ва озиқ-овқат соҳасига катта туртки беради. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги GSP+ нинг тасдиқланиши Еига тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини 2022 йилдаги 150 млн доллардан 2025 йилда 1 млрд долларга оширишини кутмоқда.

«Бироқ ЯИМнинг 55 фоизини ташкил этадиган давлат компанияларининг илдиз отган рақобатбардош устунлиги иқтисодий ислоҳотлар учун тўсиқ бўлиб қолади. Тартибга солувчи ва солиқ ислоҳотлари, эҳтимол, кичик бизнес учун бизнес муҳитини яхшилайди ва ўсиш потенциалини қўллаб-қувватлайди. Умуман олганда, рақобатни босқичма-босқич ошириб борадиган ва унумдорликни рағбатлантирадиган йирик давлат секторининг кенг кўламли ислоҳотлари суверен рейтингни мустаҳкамлайди», — дейилади баёнотда.

Ижтимоий дастурларга, шу жумладан уй-жой қуриш, соғлиқни сақлаш ва таълимга сарфланадиган маблағлар, эҳтимол, 2021 йил октябрида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан юқори бўлиб қолиши ҳамда 2021 ва 2022 йилларда асосий тақчилликларга (бюджетнинг соф харажатлари даромадга нисбатан) олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, агентлик 2023 йилгача дастлабки профицитга қайтилишини кутмоқда.