29 май куни Ўзбекистон Олий мажлиси Сенатининг XV ялпи мажлисида сенаторлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонун маъқулланди. Буҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Қонунни қабул қилиш зарурати 2018 йилнинг январь ойида ташкил этилган Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизмати фаолияти давлат раҳбарининг ёпиқ қарорлари билан тартибга солингани, очиқ тарздаги норматив-ҳуқуқий хужжатлар мавжуд эмаслиги билан асосланди.

Шунингдек, Президент давлат хавфсизлик хизмати махсус ваколатли орган ҳисобланиб, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқий, ташкилий, қўриқлаш, режим, тезкор-қидирув, муҳандислик-техник ва бошқа тадбирлар мажмуини амалга оширади.

Бунда Президент давлат хавфсизлик хизмати тезкор-хизмат фаолиятининг алоҳида жиҳатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига тўғридан-тўғри таъсир этади. Хусусан, Президент давлат хавфсизлик хизмати ўзига юклатилган вазифаларни бажариш жараёнида қўриқланувчи шахслар манфаатларини кўзлаб, қўриқлаш тадбирлари ўтказилаётган жойларда эркин ҳаракатланишни, қўриқланувчи шахсларнинг бўлиш объектлари атрофида ва ҳаракатланиш йўналишларида турли хил объектларнинг қурилиши ва реконструкциясини, қўриқланувчи шахсларга ва улар бўлиш объектларида хизмат кўрсатишга бевосита жалб этилган ташкилотларнинг меҳнат фаолияти амалга оширилишини ва бошқа харакатларини чеклайди, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Президент давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари ҳамда қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ва куч ишлатувчи тузилмалар ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш чоғида ўқ отар қуролни қўллашнинг аниқ тартиби белгиланмаган.

Шу муносабат билан Қонунда қуйидаги масалаларни тартибга солиш кўзда тутилган. Хусусан:

  • қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қўлланиладиган умумэътироф этилган тушунчалар ва атамалар, уларнинг мазмунини шарҳлаш ва тўғри қўллаш мақсадида ушбу фаолият турининг принциплари;
  • қўриқланиши белгиланган қўриқланувчи шахсларнинг тоифаси;
  • Президент давлат хавфсизлик хизматининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида бошқа давлат органлари билан хамкорлик қилиш масалалари;
  • Президент давлат хавфсизлик хизматининг шахсий таркибини бутлаш тартиби, ҳарбий хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳақиқий ҳарбий хизмат ўташнинг алоҳида жиҳатлари, уларга ҳарбий унвон бериш ва касбий тайёргарлигини ташкил этиш;
  • Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси кафолатлари;
  • Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимларини хизмат гувоҳномалари, жетонлар ва ҳарбий кийим-кечак билан таъминлаш масалалари;
  • Президент давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар, совуқ ёки ўқотар қурол қўлланилишининг батафсил шартлари ва тартиби;
  • Президент давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини назорат қилиш тартиби назарда тутилмоқда.

Қонун Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқий асосларини такомиллашишига, амалдаги қонун ҳужжатлари ва юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга уйғунлашишига хизмат қилади, дейилади хабарда.

Президент давлат хавфсизлик хизмати 2018 йил февраль ойида ташкил этилган. 2019 йил августида Давлат хавфсизлик хизматининг президент, унинг оила аъзолари, шунингдек хорижий давлатлар раҳбарларини Ўзбекистонга ташрифлари чоғида ҳимоя қилиш бўйича ваколатлари ПДХХга ўтказилди.

2020 йил декабрь ойида ушбу хизматга Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Алишер Усмонов раҳбар бўлди. Ушбу лавозимда ишлаган Баҳодир Тошматов эса президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари этиб тайинланди.