Давлат раҳбарининг 7 декабрдаги қарорига асосан тадбиркорларга 2021 йил 1 мартдан бошлаб автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари [регистратор] ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилади.

Ҳужжат билан регистраторлар ўрнатиладиган жойларни тадбиркорларга бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади. Электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорларга бундай жойлар чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорга ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади. Жойларнинг минимал қиймати эса ИИВ ва Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

2021−2022 йилларда республика махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини щрнатиш дастурига мувофиқ, жами 3356 та интеллектуал видеокамералар ва 763 та стационар радарлар ўрнатиш режалаштирилган.

  • Қорақалпоғистон Республикасида — 100 та видеокамера, 97 та радар
  • Андижонда — 106 та видеокамера, 75 та радар
  • Бухорода — 103 та видеокамера, 50 та радар
  • Жиззахда — 76 та видеокамера, 35 та радар
  • Қашқадарёда — 117 та видеокамера, 115 та радар
  • Навоийда — 20 та видеокамера, 12 та радар
  • Наманганда — 41 та видеокамера, 26 та радар
  • Самарқандда — 103 та видеокамера, 27 та радар
  • Сирдарёда — 58 та видеокамера, 30 та радар
  • Сурхондарёда — 56 та видеокамера, 24 та радар
  • Фарғонада — 37 та видеокамера, 13 та радар
  • Хоразмда — 32 та видеокамера, 10 та радар
  • Тошкент вилоятида — 90 та видеокамера, 92 та радар
  • Тошкент шаҳрида — 2417 та видеокамера, 157 та радар

Махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксаторлар ИИВ томонидан қайд этилган аниқ мезонлар ва техник топшириқлар асосида харид қилинади. Шунингдек, белгиланган талаблар ва бошқа зарурий шартларга мувофиқ бириктирилган жойларга ўрнатилади.

Ўрнатилган қурилмалар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимига интергация қилинади. Ускуналар техник ҳолати ва ишлашини таъминлаш тадбиркорларга юклатилади.

Жарималардан ажратмалар миқдори эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тақсимланади.

Аввалроқ, президент қарори билан 2021 йил 1 апрелдан тадбиркорлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказишга рухсат берилгани ҳақида хабар берган эдик.