Ҳафтанинг катта қисми давомида Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан қуруқ ва иссиқ ҳаво кириб келиши давом этади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ҳаво ҳарорати кечалари +25…+27 даража, кундуз кундари +41…+43 даража, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида +44…+46 даражагача бўлиши кутилмоқда. Бу ўртача кўп йиллик қийматлардан +5…+8 даражага юқоридир.

Жума кунидан бошлаб республика ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан деярли салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади ва иссиқ аста-секин пасайишни бошлайди. Жума куни кундузги ҳарорат +37…+40 даражагача пасаяди ва фақат жанубий ҳудудлар бўйича +42…+44 даражани ташкил этади.

Қорақалпоғистон ҳудуди бўйича ҳарорат пайшанба кунидан пасайишни бошлайди ва жума куни ҳаво ҳарорати +32…+37 даражани ташкил этади.

Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳароратнинг пасайиши давом этади.

Ҳафтанинг бошида ва охирида Ўзбекистоннинг айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида момақалдироқ билан маҳаллий ёмғир ёғиши эҳтимолдан ҳоли эмас, сешанба куни кечга томон эса Тошкент вилоятининг текислик ҳудудлари бўйича бироз ёмғир ёғиши мумкин.

Ҳафта давомида республика бўйича баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати июль ойининг биринчи ярмида мамлакатга иссиқ ҳаво оқими кириб келиши муносабати билан шошилинч чоралар кўришга киришгани ҳақида хабар берган эди.

Шунингдек, ССВ қуёш урганда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича тавсиялар берди. Иссиқдан сақланиш учун ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган, танага ёпишмайдиган кийимларни кийиш кераклиги айтилди. ФВВ энг иссиқ вақт — 12:00 дан 16:00 гача кўчага чиқмасликни тавсия қилди.